Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Фарғона вилоятининг Бағдод туманида 2022 йилнинг январь ойидан бошлаб тиббий буюмлар ва техникалар ишлаб чиқарилади

Фарғона вилоятининг Бағдод туманидаги “Моддий-техника таъминоти базаси” кичик саноат зонасида Жанубий Корея ишбилармонлари билан ҳамкорликда ташкилланган корхонада тиббиёт буюмлари ва техникаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Тадбиркор Нурматжон Комиловнинг маълум қилишича, 2022 йилнинг январь ойида иш бошлаши кутилаётган янги лойиҳа учун ўз маблағлари ҳисобидан 13 млрд. сўм, шунингдек, хорижий ҳамкорларнинг 3,2 млн. АҚШ доллари қийматидаги инвестиция маблағлари жалб қилинмоқда.

Лойиҳа 3 босқичда амалга оширилади. Дастлаб тиббиёт буюмлари ва техник жиҳозларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилса, 2023 йилнинг иккинчи чорагидан сутни қайта ишлаш ва кондитер маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

- Лойиҳамизнинг 3-босқичи 2024 йилнинг март ойига мўлжалланган, - деди тадбиркор туман ҳокими Алибек Турсунов билан учрашувда. – Корхонамиз тўлиқ қувват билан иш бошлагач, ишчиларимиз сони 245 нафарга етади. Бизнес лойиҳани тайёрлашда ишлаб чиқаришни мўлжаллаган маҳсулотларимизга хориждаги ва ички бозордаги талабни синчиклаб ўргандик. Аниқ ҳисоб-китоб ва таҳлиллар асосида хорижий инвесторларни лойиҳага жалб қилдик. Корхонамизда йилига 12,5 млрд. сўмлик ва 3,5 млн. АҚШ доллари қийматида маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Насиб қилса, туманимиз иқтисодиётини янада кўтаришга, экспорт салоҳиятини оширишга муносиб ҳисса қўшамиз.

Қайд этиш лозим, мазкур саноат зонасида бизнес юритиш учун қулай инвестициявий муҳит яратилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунончи, айни кунларда ҳудудга 3 минг 500 погонометр масофадан табиий газ тармоғи тортилмоқда.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech