Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Давра суҳбатида Ўзбекистондаги фармацевтика бозорининг хавфсизлиги ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 26 январь куни пойтахтимиздаги Hilton меҳмонхонасида фармацевтика бозори хавфсизлиги ва истеъмолчиларни қалбакилаштирилган ва контрабанда дори воситаларидан ҳимоя қилишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва Хорижий фармацевтика компаниялари ва ишлаб чиқарувчиларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ассоциацияси томонидан ташкил этилган тадбирда соҳанинг юздан ортиқ вакили, шунингдек, Монополияга қарши курашиш, Божхона ва Солиқ қўмиталари мутахассислари ҳамда “Ernst & Young” компанияси экспертлари иштирок этди.

Давра суҳбати иштирокчилари “эркин муомалага чиқариш” режимида дори воситаларига қўшилган қиймат солиғи, айрим товар турлари, шу жумладан, дори воситалари учун мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш бўйича бир қатор масалаларни муҳокама қилдилар.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариевнинг сўзларига кўра, бугунги кунда долзарб масалалардан бири бу фармацевтика бозорининг хавфсизлиги ва истеъмолчиларни қалбакилаштирилган ва контрабанда дори воситаларидан ҳимоя қилишдир ва айнан шу масала давра суҳбати иштирокчилари ўртасида қизғин мунозарага сабаб бўлди.

Бундан ташқари, тадбир иштирокчилари пандемия даврида фармацевтика саноати томонидан олиб борилган ишларни муҳокама қилдилар. Хорижий фармацевтика компаниялари ва ишлаб чиқарувчиларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ассоциацияси кенгаши раиси Мухаббат Aсқарова таъкидлаганидек, фармацевтика соҳасида фаолият юритадиган барча ишлаб чиқарувчилар ва компаниялар, соғлиқни сақлаш тизимидаги идоралар ушбу оғир даврда халқ соғлиги ва мамлакат келажаги учун бирлашиб ҳаракат қилдилар. Ва бу йўлни жиддий оқибатларсиз ўтишга муваффақ бўлинди.

Шунингдек, давра суҳбати давомида референт нархларни шакллантиришда иштирок этган ташкилотлар, компаниялар ва муассасаларнинг фаолияти алоҳида қайд этилди. Референт нархлар механизмининг йўлга қўйилиши дори воситаларининг нархлардаги фарқигини минимумга олиб келади, импорт билан шуғулланувчиларнинг нархларни манипуляция қилишини олдини олади ҳамда дори воситаларини давлат томонидан харид қилинишида бюджет маблағларини тежашга имкон яратилади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech