Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Энди беморга 5та ва ундан кўп дори ёзиб бериш бошқа масъул шифокор билан келишилган ҳолда амалга оширилади

Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан, Тиббиёт ташкилотларида дори воситаларини тайинлаш, халқаро патентланмаган номланиши бўйича рецептларни расмийлаштириш ҳамда беморнинг дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Ушбу Низомга кўра, мулкчилик шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар барча тиббиёт ташкилотларида беморга мажбурий тартибда халқаро патентланмаган ном бўйича рецепт ёзилиши лозим. Беморга бир вақтнинг ўзида 5 ва ундан ортиқ дори воситалари (дори воситаларининг туридан қатъи назар) тайинланганда бунинг асослилиги тиббиёт ташкилотларининг бўлим мудири ёки навбатчи шифокори ёхуд клиник фармакологи билан келишилиши лозим.

Асосий касалликнинг асоратлари ёки ҳамроҳ касалликлари мавжуд бўлганда ҳам шундай тартибга амал қилинади. Тайинланган дори воситаларининг асослилиги беморнинг тиббий ҳисоб ҳужжатларида (касаллик тарихи, амбулатория картаси) қайд этилиши ва ушбу тиббий ҳужжатлар бевосита даволовчи шифокор ҳамда юқорида кўрсатилган шахслар томонидан ҳам имзоланиши лозим.

Рецептда дори воситасининг халқаро патентланмаган номи, таркиби, шакли, уни тайёрлаш ва бериш ҳақидаги ёзма кўрсатмаси лотин тилида, дори воситаларини қўллаш усули эса давлат тилида кўрсатилиши шарт. Зарур ҳолларда рецепт малакали таржимани таъминлаган ҳолда бемор тушунадиган бошқа тилда ёзилиши мумкин.

Ҳар бир тиббиёт ташкилотидаги даволовчи шифокорларга рецепт бланкалари ушбу муассаса раҳбарининг буйруғи билан тайинланадиган жавобгар шахс томонидан, дам олиш ва байрам кунлари, шунингдек тунги вақтларда эса тиббиёт ташкилотининг масъул навбатчи шифокори томонидан берилади.

Даволовчи шифокор томонидан қуйидаги ҳолатларда дори воситаларига рецепт расмийлаштирилиши тақиқланади:

- мижознинг тиббий кўрсатмаси бўлмаган ҳолатларда;
- Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилмаган дори воситаларига (орфан дори воситалари бундан мустасно);
- фақат тиббиёт ташкилотларида қўллашга мўлжалланган дори воситалари, шу жумладан наркоз воситаси сифатида ишлатиладиган дори воситаларига.

Рецепт Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт ташкилотлари томонидан берилганда уларнинг юқори қисми чап бурчагида тиббиёт ташкилотининг номи ва манзили тегишли штамп қўйилган ҳолда кўрсатилиши, хусусий тиббиёт ташкилотлари томонидан берилганда эса қўшимча равишда рецептнинг юқори қисми ўнг бурчагида ушбу муассасанинг фаолият кўрсатиши бўйича берилган лицензиянинг тартиб рақами, берилган санаси ва амал қилиш муддати кўрсатилиши лозим.

Рецептда «Ичиш учун», «Маълум», «Қоида тариқасида» ва бошқа шу каби қисқартма сўзлардан фойдаланиш ман этилади. Рецептда кўрсатилган маълумотлар аниқ ва тушунарли тарзда тўлдирилиши, унда ўчириш ва тузатишларга йўл қўйилмаслиги лозим. Беморга дори воситаларини шошилинч равишда ёки зудлик билан бериш зарур бўлган тақдирда, рецепт бланкасининг юқори қисмига «cito» (шошилинч) ёки «statim» (зудлик билан) белгиси қўйилади.

Рецепт даволовчи шифокорнинг имзоси ва шахсий муҳри билан тасдиқланиши лозим. Бу талаб электрон рецептга нисбатан татбиқ этилмайди. Рецептлар даволовчи шифокор томонидан расмийлаштирилган кундан бошлаб 30 кун мобайнида амал қилади. Касаллиги сурункали бўлган беморлар учун амбулатория шароитида касалликларнинг халқаро таснифи рўйхатига киритилган дори воситалари ҳамда асосий фармакологик таъсирига кўра анаболик фаоллиги билан ажралиб турадиган дори воситаларига рецепт берилганда даволовчи шифокор томонидан истисно тариқасида рецептда уларнинг 60 кунлик даволаш курсига етарли миқдори, қолган тайёр дори воситаларига эса 90 кунлик даволаш курсига етарли миқдори кўрсатилиши мумкин.

Бунда, рецептда дорихонадан дори воситаларини бериш даври (ҳар ҳафта, ҳар ой ва бошқалар) кўрсатилиши шарт. Қоғоз кўринишидаги рецепт «махсус мақсадлар учун» ёзуви билан даволовчи шифокор томонидан имзоланади, электрон рецептларга эса «махсус мақсадлар учун» белгиси ва электрон рақамли имзо қўйилади. Ушбу Низомда белгиланган талабларга мувофиқ расмийлаштирилмаган қоғоз кўринишидаги ёки электрон рецепт ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech