Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Фарғонада кислород концентратори ишлаб чиқариш бошланди

Коронавирус пандемияси даврида кислород концентраторларига бўлган талаб ортди. Мазкур тиббий жиҳоз мамлакатимизда ишлаб чиқарилмаслиги боис, Президентимиз ва республика ҳукумати топшириғига асосан уни чет давлатлардан, асосан Хитойдан Ўзбекистонга имкон қадар қисқа муддатда олиб келиш тартиб-таомилларини енгиллаштириш чоралари кўрилди.

Шу жумладан, Фарғона вилоятига 500 дона кислород концентратори олиб келиниб, тиббиёт муассасаларига тақсимланди. Кислород концентратори коронавирус билан касалланган беморларни оғир аҳволда даволашда ёрдам беради. Зотилжам (пневмония) касаллиги ҳам жиддий асоратлар келтириб чиқаради ва беморнинг нафас олиши қийинлашади. Қондаги кислород миқдорини барқарорлаштиришда сунъий нафас олиш аппарати зарур бўлади. Кислород концентраторига талабнинг ортиб бораётгани уни ўзимизда ишлаб чиқаришни тақозо этди.

 
2.PNG

Фарғона вилояти ҳокимининг ташаббуси билан «Қўқон» эркин иқтисодий зонасида кислород концентраторини ишлаб чиқариш лойиҳасини имкон қадар тезроқ амалга оширишга киришилди. Бу масъулиятли лойиҳа ишлари тадбиркор Шавкатжон Ҳамзаев таъсисчиси бўлган «Грейт Қўқон» масъулияти чекланган жамияти томонидан олиб борилди.

Умумий қиймати 300 минг АҚШ долларини ташкил этадиган корхонанинг фойдаланишга топширилиши катта тантанага айланди. Унда иштирок этган вилоят ҳокими ўринбосари М.Абдураҳмонов бугунги кунда талаб юқори бўлган мазкур тиббий жиҳознинг ишлаб чиқарилиши, аввало, вилоятимиз ва республика тиббиёт муассасаларини кислород концентратори билан тўлиқ таъминлаш имконини беришини, қолаверса вилоят экспорт салоҳиятини оширишини таъкидлади.
 
3.PNG
 
– Вилоятимизда аҳолини коронавирус пандемиясидан асрашга, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун вилоятимиз ҳокими бошчилигида жуда катта тадбирлар амалга оширилиб, тиббиёт масканларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди, беморлар учун махсус жойлар ва дори-дармон захираси яратилди. Шундай шароитда хавфли касалликка қарши курашишга ўзимизнинг ҳиссамизни қўшганимиздан мамнунмиз, – дейди корхона директори Ф.Раҳмонов.
Мазкур корхонада йилига 30 минг дона кислород концентратори ишлаб чиқарилади. Шу билан бирга 20 та янги иш ўрни яратилди.
 
far_onada_kislorod_kontsentratori_ishlab_chi_arish_boshlandi.png
 
Манба: UzA
 
 
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech