Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш бўйича 2020 йилда амалга оширилган ишлар ва 2021 йилга белгиланган устувор вазифалар тўғрисида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ҳисоботи

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги 2020 йил фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ҳамда юқори даражадаги ва ҳудудларга ташрифлари якунлари бўйича имзоланган “Йўл харита”лари ва мажлис баёнлари ижросини таъминлашга қаратди.

2020 йилда 220 та маҳаллий фармацевтика корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларининг қиймати 2,47 трлн. сўмни ташкил этди ва 2019 йилга нисбатан 9.3 фоизга ортди.

Маҳаллий 674 номдаги дори воситалари, 61 номдаги тиббий буюмлар ва тиббий техникалар ва 41 та дори моддалари (субстанциялар) давлат рўйхатидан ўтказилди.

Жами 50,0 млн. АҚШ долларилик 246 турдаги дори воситалари ва тиббий буюмлар экспорт қилинди, бу режага нисбатан 142 фоизга, 2019 йилга нисбатан эса 172.4 фоизга ошди (2019 йилда - 29,2 млн. доллар).

2020 йил якунига кўра, республика бўйича соҳада умумий қиймати 142,6 млн. АҚШ долларилик (шундан 38,2 млн АҚШ доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар) 29 та лойиҳа ишга туширилди, 1,610 иш ўрни яратилди. Жумладан, Инвестиция дастури доирасида қиймати 66,1 млн. АҚШ долларилик 13 та лойиҳа ишга туширилди ва 810 та иш ўринлари яратилди.

Хитой, Россия, AҚШ, Белоруссия, Миср, Германия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Япония давлатлари билан ўрнатилган ҳамкорлик доирасида умумий қиймати 445,6 млн. АҚШ долларилик 49 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Фармацевтика соҳасига ҳалқаро стандартларни жорий этиш мақсадида соҳада фаолият юритаётган 1,200 нафар мутахассислар “Яхши амалиётлар” (GCP, GDP, GLP, GMP) стандартлари ва фармакологик назоратни ўзлаштириш бўйича ўз малакасини оширдилар.

Фармацевтика маҳсулотларининг сифати ва улар сифатини назорат қилиш усулларига қўйиладиган замонавий халқаро талабларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясининг I жилди ишлаб чиқилди ва чоп этилди.

Дори воситаларига референт нарх шакллантириш тизими жорий қилинди ва Буюк Британиянинг Сандерленд университети ва агентлик ўртасида “Мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тўғрисидаги доиравий келишув” имзоланди.

2020 йил - коронавирус пандемияси даврида талаб юқори бўлган маҳаллий хом ашё асосида 72 та янги номдаги фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Хусусан, фавипиравир, эноксапарин, ремдесивир каби дори воситаларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Бугунги кун учун муҳим бўлган янги дориларни ўзлаштириш борасида ишлар олиб борилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар муомаласини тартибга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги 449-сонли қарорига мувофиқ, 76 млн. ўрам дори воситалари руйхатдан ўтказилмасдан, мувофиқлик сертификатлари берилди.

Муҳтарам Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган Мурожаатномаларида фармацевтика тармоғини иқтисодиётимизнинг “драйвер” тармоқларидан бирига айлантиришимиз кераклиги ҳақида айтиб ўтдилар. Шундан келиб чиқиб, Агентлик томонидан 2021 йилда қуйидаги устувор вазифалар белгилаб олинди:

1. 2021-2024 йилларда умумий қиймати 503,7 млн. АҚШ долларилик шундан 279 млн. АҚШ доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар бўлган лойиҳалар амалга оширилади. Жумладан, Инвестиция дастурига асосан, 2020 йилда 14 та лойиҳа ишга тушиши белгиланиб, 96,9 млн. АҚШ доллари миқдоридаги инвестицияларни, шу жумладан 21,3 млн. АҚШ доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ҳамда 10,0 млн. АҚШ доллари миқдоридаги давлат кафолати остидаги хорижий кредитлар ўзлаштирилиб, 655 та янги иш ўринлари яратиш.

2. Фармацевтика корхоналари томонидан 50 млн. АҚШ доллари қийматига тенг маҳсулот экспорт қилиш.

3. Маҳаллий дори шаклларини ишлаб чиқариш ҳажмларининг пул маблағлари кўринишидаги ифодасини 35 фоизга, маҳсулот кўринишдаги ифодасини эса 55 фоизга етказиш.

4. «Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери негизида Инновацион ишланмаларни татбиқ этиш марказини ташкил этиш ҳамда инвесторларни жалб қилиш мақсадида «роуд-шоу»лар ҳамда бизнес форумлар ўтказиш, Республика эҳтиёжи учун зарур бўлган вакциналар ишлаб чиқариш инфраструктурасини яратиш.

5. 2021–2024 йилларда мамлакатнинг биологик хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш. Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти фаолиятини қайтадан ташкил этиш, малакали мутахассис кадрлар жамоасини шакллантириш, кредитларни жалб қилган ҳолда инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш.

6. Тизимда коррупцияга қарши курашиш ва “комплаенс назорат”ни жорий этиш, ҳужжатлар тайёрлаш ва қарорлар қабул қилиш жараёнларини рақамлаштириш.

Шунингдек, 2021 йил «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» муносабати билан, соҳада ёшлар учун кенг имкониятлар яратиш, уларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, етук мутахассис кадр бўлишлари учун шароитлар яратиш;

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларни олдини олиш ҳамда профилактика учун доривор ўсимликлар асосида дори воситалари ишлаб чиқариш;

Бугун талаб юқори бўлган аҳоли иммунитетини оширишга хизмат қилувчи витаминлар ишлаб чиқариш асосий вазифалардан бири сифатида белгилаб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech