Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ру O`z Ўз En

Ижтимоий тармоқда билдирилган фикрлар юзасидан РAДДИЯ

Facebook ижтимоий тармоғидаги “ХАЛҚ ВА ДАВЛАТ / НАРОД И ГОСУДАРСТВО” гуруҳида, фуқаро Мустафокул Болтабоев томонидан (Матн таҳрирсиз берилмоқда)Шунчалик даражага еттикми? Энди бир ками сотиб олган дорини канака дори эканлигини билиш учун хитой тилини урганишимиз керакми? Шахарда бемалол куркмай сотиб етишибди. Кайси бир ок суяк амалдор узига шу дорини раво куради?” мазмунидаги пост (фото иловаси билан) жойлаштирилган.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ушбу пост юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

Коронавирус инфекцияси кенг тарқалишига қарши курашишда мамлакатда дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар такчиллигининг олдини олиш, шунингдек фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш ҳамда коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш мақсадида,  Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 июлдаги 449-сон қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказмасдан, мажбурий сертификатлаш шарти билан импорт қилинадиган COVID-19 инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда қўлланиладиган дори воситалари ва биологик фаол моддалар рўйхати тасдиқланган.

Мазкур Қарорга асосан, дори воситаларини айрим кимёвий таҳлилларни ўтказган ҳолда сертификатлаштириш учун дори воситасининг қадоғида ёки қўллаш бўйича йўриқномаларида халқаро патентланмаган номи ўзбек ёки рус ёхуд инглиз тилида кўрсатилишини таъминлаган ҳолда ишлаб чиқарувчи корхонанинг ҳужжатини тақдим этишлари шартлиги белгилаб қўйилган.

Юқоридаги ҳолат бўйича тўхталадиган бўлсак, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 185-сон Қарори билан тасдиқланган, "Дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартиби тўғрисида"ги низомга кўра, сотиб олувчининг талабига биноан дорихона ходими дори воситалари ва тиббий буюмларнинг нархлари ва уларнинг сертификатлаштириш органи томонидан расмийлаштирилган мувофиқлик сертификатини кўрсатиши лозим. (Бунда мувофиқлик сертификатидаги дори воситасининг савдо номи, серияси, дозаси, чиқарилган шакли, ишлаб чиқарилган санаси, ишлаб чиқарган мамлакат ҳақидаги маълумотлар дори воситасининг айни шу ўрамидаги маълумотларга мос келиши керак)

Шунингдек, дорихона ходими дори воситасини сотиб олаётган истеъмолчига дори воситаси билан бирга, унинг бериш санаси ва нархи кўрсатилган товар чекини бериши белгилаб қўйилган. Мазкур постдаги расмда дори воситаси эканлиги айтилаётган маҳсулот эса муаллиф томонидан айнан қайси дорихонадан ва қайси куни харид қилингани маълум қилинмаган.

Мустафокул Болтабоев ушбу “дори воситасини шаҳарда бемалол қўрқмай сотиб ётишганини” ёзиб қолдирган. Лекин қайси шаҳар, қайси вилоят ҳудудидаги дорихонада сотилаётганлигини маълум қилмаган. Ваҳоланки, у ўз постида дори воситаси эканлиги айтилаётган ушбу маҳсулотни сотиб олганлигини таъкидлаган.

Пост муаллифидан дори воситаси эканлиги айтилаётган расмдаги маҳсулотнинг серия рақамларини аниқлаштириш ва уни тегишли тартибда Давлат рўйхатидан ҳамда сертификатлаштириш жараёнидан ўтганлигини текшириш учун Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат марказининг қуйидаги телефон рақамига 71-242-48-93 мурожаат қилишини сўраймиз.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 4 январда тасдиқланган "Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида"ги (янги таҳрирдаги) Қонунининг 20-моддасига асосан, сифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини харид қилиш, чакана реализация қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тақиқланади.

Маълумот ўрнида, дори воситасининг:

➖ номи, серияси, чиқарилган шакли;
➖ ишлаб чиқарилган санаси;
➖ ишлаб чиқарган мамлакат;
➖ давлат рўйхатидан ўтган рақами;
➖ мувофиқлик сертификат берилган сана ва бошқа маълумотларни Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази расмий веб сайтидан олишингиз мумкин.
 

Ҳурматли юртдошлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 майдаги ПФ-5446-сон Фармонига биноан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари айланмаси билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатларга қарши курашиш вазифаси юклатилган. Aгарда Сиз, дори воситалари ёки тиббий буюмларнинг ноқонуний олди-сотдисига дуч келсангиз, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментиниг 71-233-1007 ишонч телефонига мурожаат қилишингизни тавсия қиламиз.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет тармоғида тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланглигини билдирамиз.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech