Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Ўзбекистон Қизил китобига киритилган доривор ўсимлик турларининг сони янгиланади

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳозирда 4400 га яқин олий ёввойи ўсимлик ва 2000 дан зиёд замбуруғ турлари мавжуд. Улар орасида жиддий муҳофазага муҳтож кўплаб камёб эндемик ва реликт турлар ҳам бор. Бундай турларнинг сони 300 дан ортиқ бўлиб, улар Ўзбекистон флорасининг 10-12 фоизини ташкил этади.

Республика қўриқхоналарида муҳофаза қилинаётган ўсимликларнинг умумий ҳолати нисбатан яхши бўлишига қарамай, кўплаб ёввойи турларининг таббий захиралари кескин камайиб кетмоқда. Дунёга донғи кетган лола ва саллагуллар, қимматбаҳо ўсимлик-етмак, доривор ўсимлик бозулбанг кабилар кейинги йилларда кескин камайиб кетди. Бир қанча турлар йўқолиб кетиш ҳолатига келиб қолди.

Аҳолининг табиатга нотўғри муносабати ҳам ўсимликларнинг камайиб кетишига сабаб бўлмоқда. Айниқса шаҳар ва қишлоқлар атрофида қизил лола, саллагул, ширач ва шунга ўхшаш нафис гулли ўсимликлар жуда камайиб кетган.

Табиатга, ўсимликлар дунёсига нисбатан беписанд муносабатда бўлишига чек қўйиш, табиат бойликларини муҳофаза қилиш ва кўпайтириш ҳаммамизнинг асосий бурчимиздир.

Ўзбекистон мусақилликка эришгач, атроф-муҳитни, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

1992 йил 9 декабрда “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, 2004 йил 3 декабрда “Муҳофаза этиладиган табий ҳудудлар тўғрисида”ги қонунлар, 2016 йил 21 сентябрда “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”, 2018 йил 16 апрелда эса “Ўрмон ҳақида”ги қонунлар янги таҳрирда қабул қилинди.

Бу қонунлар барча ўсимлик турларини сақлаб қолиш, уларни асраб авайлаш ва муҳофаза қилишда муҳим ҳужжат ҳисобланади.       

Ўзбекистон Республикасида Қизил китоб илк бор 1979 йилда таъсис этилган. Мазкур Қизил китобга наботот оламининг камёб, йўқолиб кетиши хавфи остидаги турлари ҳақидаги маълумотлар киритилган. Бундан кўзланган мақсад, жамоатчилик ва давлат идоралари эътиборини табиат муҳофазаси масалаларига жалб этишдан ва турлар геноофондини сақлаб қолишга кўмаклашишдан иборат эди.

Қизил китобнинг 1984 йилги нашрига Ўзбекистон  флорасининг йўқолиб кетиш хавфи остида қолган 163 та тури киритилган. Бу турларнинг тақдири республика мутахассислари, олимлари мутассил шуғулланиб келмоқда. Ўтган йиллар мобайнида олиб борилган кузатишлар айрим ўсимлик турларининг сони ва майдони анча кенгайганлигини кўрсатмоқда. Масалан, анзур ва Суворов пиёзлари олдинги ҳолатига келмаган бўлса-да, маълум даражада кўпайди. Энг камёб ўсимликлардан саналган Минквиц тезиуми турларининг сони 7 тадан 17 тагача ортди. Қурама тизмасида камёб ўсимликлардан ҳисобланган Коровин ширачи ўсимлигининг мавжудлиги аниқланди. Айни вақда айрим ўсимлик турларининг сони кескин қисқариб кетди. Омонқара ўсимлиги, Пском пиёзи, Маргарита мармараги кабилар шулар жумласидандир. Кейинги йилларда олиб борилган изланишлар ўлкамиз флорасига мансуб яна 138 турдаги ўсимликни Қизил китобга киритиш лозимлигини кўсатмоқда. 1998 йил маълумотларига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган ўсимлик турларининг сони 301 тани ташкил этган бўлса, янги нашрдан 48 оилага мансуб 313 тур ўсимлик ўрин олади.

Қизил китобга киритилган ўсимлик турларига Табиатни муҳофаза қилиш халқаро уюшмаси томонидан ишлаб чиқилган таснифга биноан камёблик даражасига кўра 4 та мақом (статус) берилади.

1. Йўқолган ёки йўқолиб кетганлиги эҳтимолдан йироқ эмас. Бир неча  йиллар давомида табиатда учратилмаган, лекин йиғиб олиш қийин бўлган айрим жойлардагина ёки маданий шароитда сақлаб қолиш эҳтимоли мавжуд бўлган турлар.
2. Йўқолиб кетиш арафасида турган. Йўқолиб кетиш хавфи остида қолган, сақлаб қолиниши учун махсус муҳофазани талаб этадиган турлар.
3. Камёб. Маълум кичик майдонлардагина ўзига хос шароитларда сақлаб қолинган, аммо тез йўқолиб кетиши мумкин бўлган ва жиддий назоратни талаб этувчи турлар.
4.Сон жиҳатдан камайиб бораётган. Сони ва тарқалган майдонлари маълум вақт ичида таббий сабабларга кўра ёки инсон омили таъсири остида камайиб кетаётган турлар. Айни вақтда, бундай ўсимликларни ҳар томонлама назоратга олиш талаб этилади.
 

Қизил китобнинг мазкур янги нашри мутахассислар, давлат идоралари ҳамда жамоат ташкилотлари олдига қўриқхоналар ва буюртмахоналарни кенгайтириш, ёввойи ўсимликлар сотишни тақиқлаш, хомашё учун йиғиладиган ўсимликларни териш учун лицензиялар жорий этиш каби бир қанча долзарб масалаларни қўяди.

Ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилиш бу жараёнда кенг жамоатчилик иштирок этган тақдирдагина ижобий самара беради. Барча якдиллик билан ҳаракат қилсагина, наботот оламининг бебаҳо бойликларини  сақлаб қолишга, уларни асраб-авайлаб, муносиб равишда келгуси авлодларга қолдиришга эриша оламиз.

Саидқул Холматов
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг
Ишлаб чиқариш масалалари бошқармаси
Доривор хомашё базасини яратиш сектори етакчи мутахассиси
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech