Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

“Nobel Pharmsanoat” компанияси фавипиравир фаол моддаси асосида «Ковипир» дори воситасини ишлаб чиқаришни йўлга қўяди

Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган “Nobel Pharmsanoat” компанияси «Ковипир» номи остида фавипиравир фаол моддаси асосида дори воситасини ишлаб чиқариш учун давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнини бошлади.  

“Nobel Pharmsanoat” - Туркиянинг энг машҳур 100 ширкати рўйхатидан ўрин олувчи “Ulkar Holding - Nobel İlaç” компаниясининг тўғридан-тўғри сармоялари асосида ташкил қилинган бўлиб, Ўзбекистонда 2002 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Корхона 73 тур, 150 шаклдаги замонавий дори-дармон маҳсулотларини халқаро GMP стандартларига мос маҳаллий шароитларда ишлаб чиқариш, мамлакат бозорига тақдим этиш билан бирга, хорижий давлатларга экспорт қилиш билан ҳам шуғулланади. Бугунги кунда мазкур корхонада 395 нафар мутахассис меҳнат қилмоқда.

Компания сифат бўйича директори Шамшод Шарипов сўзларига кўра, ушбу дори воситасининг патенти Япониянинг “Toyama Chemical” компаниясига тегишли ҳисобланади. РНК сақловчи вирус (грипп, риновирус, нафас олиш тизими вируслари ва бошқа)ларга қарши кенг таъсир доирасига эга ушбу дори воситасини коронавирусга қарши ижобий таьсири исботланган бўлиб, 2020-йил февраль ойидан бошлаб Японияда коронавирусга чалинган беморларни даволашда қўллана бошланган. Шу ойнинг ўзидаёқ Хитойнинг “Zhejiang Hisun Pharmaceutical” компанияси уни "Фавилавир" савдо номи остида ишлаб чиқаришни бошлади. Россияда эса май ойидан эътиборан "Авифавир" номида "ХимРар" ва Россиянинг инвестиция фонди ҳамкорлигида ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.

 “Nobel Pharmsanoat” коронавирусга қарши ушбу «Ковипир» дори воситасини энг аввало Ўзбекистон эҳтиёжлари учун ишлаб чиқаради ва хорижга экспортини ҳам амалга оширади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech