Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Минтақамиз доришунослигининг шаклланиши ва ривожига таъсир кўрсатган ислом даври асарлари

Минтақамиз доришунослигининг шаклланиши ва ривожига таъсир кўрсатган ислом даври асарларини шартли равишда қуйидаги турларга ажратиш мумкин:

1.1 Содда дориларнинг алифбо тартибида тузилган рўйхатлари, яъни фармакогнозиялар.

Уларда содда дорининг турли тиллардаги номи, ташқи тавсифи берилган. Бу турдаги асарларга Абу Райҳон Берунийнинг (973-1048) “Китоб ас-сайдана фи-т-тибб" ("Табобатда доришунослик”) асари ёрқин мисолдир. Унда мингдан ортиқ маъданий, наботий ва ҳайвоний келиб чиқишга эга бўлган содда дориларнинг араб, форс, юнон, сурён, ҳинд, хоразмий, туркий, сўғд ва бошқа тилу лаҳжалардаги 4500 та номлари ва тавсифлари келтирилган.

Берунийнинг бу асари ўша давр дори атамаларини тартиблаш ишига катта ёрдам берди. Таниқли испан-ибран олими ва табиби Мусо ибн Майсун Ибн Абдуллоҳ ал-Қуртубийнинг (1135-1204) “Шарҳ асма'ал-аққор" (“Дори номлари шарҳи") номли китоби ҳам илк ўрта асрда яратилган машҳур фармакогнозиялардандир.

1.2. Содда дорилар (Materia medica) ҳақидаги китоблар.

Доришунослик китоблари орасида бу турдаги асарлар жуда машҳур бўлиб, кенг тарқалган. Улар шарқ доришунослигини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади.

Бу асарларнинг барчаси номлари бўйича абжад тартибида жойлаштирилган маъданлар ҳамда ўсимлик ва ҳайвон аъзоларининг хоссалари, табиати ва тиббий қўлланиши бўйича кўрсатмаларни ўз ичига олган мақолалардан ташкил топган.

Кўп ҳолларда у ёки бу дорининг бадали (ўрнига ўтувчиси) хам кўрсатилган бўлади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech