Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Мутахассис тавсияси: Дори воситаларининг ножуя таъсири, аллергия, реакция ва биринчи ёрдам

Замбуруғли касалликлар, наслий мойиллик, аллергия кузатилиши ёки узоқ вақт давомида дори препаратини қабул қилиш каби омиллар аллергик реакция ҳосил қилиши мумкин. Сурункали касалликларда узоқ вақт давомида ичиладиган дорилар организмда йиғилиб қолиб, турли аллергик ҳолатларни келтириб чиқариши эҳтимоли ҳам бор. Шу сабаб ҳам бундай хасталикларни даволашда дориларни танаффус билан ичиш кераклиги таъкидланади. Агар бирор дори аллергия берса, бошқа препарат билан ўзингизни даволашга ошиқманг. Бундай вазиятларда сурги таъсирли дорилар билан организм тозалангач, зарур муолажа бажарилиши мақсадга мувофиқдир.

Реакция юз берганида...

Дори воситасига акс таъсир юзага келганида, уни оддий аллергия билан адаштириш ҳеч гап эмас. Зотан бирламчи белгилар айнан аллергияга ҳос бўлади. Бунда:
➖ тери соҳасидаги қизариш, қичишиш;
➖ эшак эми (терида катта кўринишдаги тошма);
➖ аллергик ренит;
➖ нафас қисиши;
➖ кўз ичининг қизариши ва тез-тез ёшланиши каби аломатлар кузатилиши мумкин.

Шу билан бирга, дорига акс таъсирнинг жиддий асоратлари ҳам мавжуд. Хусусан, Квинке шиши, бронхиал астма хуружи, анафилактик шок ҳолатига тушиб қолиш шулар жумласидан.

Биринчи ёрдам

Нотаниш дори воситасини қабул қилиш ёки томирга юборишдан аввал, албатта, акс таъсири бўлмаслигининг эҳтиётини кўриб қўйинг. Агар бу таблетка кўринишидаги препарат бўлса, таркибини яхшилаб ўрганинг. Инъекция кўринишида бўлса, оз миқдордагисини игна орқали танага юбориб, таъсир этиш-этмаслигини кузатинг. Мабодо реакция берса, инъекция юборилган тери соҳаси қизариб, шишиб қолади.

Юқорида таъкидлаганимиздек, қабул қилаётган дорингиз организмингизга ёқмаётгандек туюлса ва бунинг бир неча белгиларини сезсангиз, қуйидагиларни бажаришингиз мумкин:

➖ ҳар қандай дори препаратини ичишни тўхтатиб, даволовчи шифокорингиз билан маслаҳатлашинг;
➖ аллергия симптомлари пайдо бўлганидан бошлаб, 2-3 кун давомида оз-оздан овқатланинг; кейин бир ҳафта-ўн кун давомида аллергия қўзғатувчи маҳсулотларни истеъмол қилманг;
➖ дастлабки белгиларида кўпроқ суюқлик ичинг, энг маъқули қайнатилган ёки газсиз сув;  
➖ аллергиянинг кейинги асоратларидан ҳимояланиш учун аллерголог-шифокор кўригидан ўтиб, зарур ҳолларда керакли муолажа олинг.
 

Ножўя таъсири

Дори воситасини харид қилаётиб, йўриқномага диққат қилинг: «Ножўя таъсири» ҳамда қайси касалликларда тавсия этилмаслигига эътибор беринг. Шунингдек, мустақил дори препаратини танлаётган бўлсангиз, уни бошқа турдагилари билан мос тушишини ўрганиб чиқинг. Масалан, бош оғриғи безовта қилса-ю, ошқозонингизда яра бўлса, барча турдаги оғриқсизлантирувчи препаратлар ҳам сизга тўғри келавермайди. Мос келадиганини танлаш учун, албатта, йўриқнома билан танишиб чиқиш даркор.

Фармацевтика фанлари номзоди, доцент Муаттар Хўжаева

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech