Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ру O`z Ўз En

Мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган дори воситасини сотганлиги учун "Buxmed" дорихонаси фаолияти тугатилди

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Тошкент шаҳар худудий бўлинмаси томонидан ўтказилган текширувлари натижасига кўра Тошкент шаҳар, Учтепа туманида жойлашган "BUXMED" масъуляти чекланган жамиятига тегишли дорихона филиали лицензия талаб ва шартларини қўпол равишда бузганлиги (мувофиқлик сертификатисиз дори воситасини чакана реализация қилганлик) ҳолати аниқланди.

Мазкур ҳолат бўйича Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Тошкент шаҳар худудий бўлинмаси "BUXMED" МЧЖга дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун 2018 йил 19 январда берилган ТN №936-1-сонли лицензиянинг амал қилишини тугатишни сўраб Ғиждувон туманлараро иқтисодий судига киритган даъво аризаси ва суднинг 2021 йил 10 март кунидаги 4-2003-2101/74-сонли ҳал қилув қарорига асосан, "BUXMED" МЧЖга дори воситалари ва тиббий буюмларини чакана реализация қилиш учун берилган лицензия бекор қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 4 январдаги «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги ЎРҚ-399-сонли қонунининг 20-моддасига биноан, cифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини харид қилиш, чакана реализация қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тақиқланади.

Шунингдек, сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун берилган намунавий (оддий) лицензия қандай вазиятларда тўхтатиб қўйилиши ҳақида бу ерда ўқишингиз мумкин.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech