Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

“Nobel Pharmsanoat” компанияси “Ривароксабан”нинг Ўзбекистондаги илк женеригини ишлаб чиқариш учун давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнини бошлади

Хабарингиз бор,  2021 йил 1 мартга қадар, COVID-19 инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда қўлланиладиган дори воситаларини ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган дори моддалари (субстанциялар) импорт қилинганда давлат рўйхатидан ўтказилмасдан ва мажбурий сертификатлаштирилмасдан божхона расмийлаштирувини амалга ошириш ва реализация қилишга рухсат берилиб, қўшилган қиймат солиғидан озод этилган.

Коронавирус инфекцияси кенг тарқалишига қарши курашишда мамлакатда дори воситалари, тақчиллигининг олдини олиш, шунингдек фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш ҳамда коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш мақсадида яратилган имкониятлардан унумли фойдаланаётган “Nobel Pharmsanoat” компанияси яна бир хушхабарни маълум қилди.

Тромбоз  –  тиббиётнинг кенг тарқалган муаммоларидан бири бўлиб, COVID-19 пандемияси даврида янада долзарблик касб этди.

Бутун дунёда ушбу муаммонинг олдини олиш ва даволашда қўлланиладиган дори-дармонларга эхтиёж тобора ортиб бораётгани маълум. “Ривароксабан” – тромбнинг олдини олиш ва даволаш учун ишлатиладиган препаратлардан бири ҳисобланади. “Nobel Pharmsanoat” компанияси ушбу препаратнинг Ўзбекистондаги илк женеригини ишлаб чиқариш учун давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнини бошлади.

“Ривароксабан” - Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш вазирлиги томонидан 2020 йил 20 сентябрда тасдиқланган «Коронавирус инфекциясини олдини олиш, диагностикаси, даволаш ва реабилитация қилиш бўйича вақтинчалик йўриқнома»нинг саккизинчи версиясида даволаш-профилактика жараёнларида фойдаланиш учун тавсия этилган. Шунингдек, Россия Федерациясида, МДҲнинг бошқа мамлакатларида ва узоқ хорижда COVID-19 инфекциясини даволаш бўйича тавсияномаларга киритилган.

“Nobel Pharmsanoat” фармацевтика компанияси Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини олдини олиш юзасидан жорий қилинган тезкор чора-тадбирлар доирасида давлат кўмагига таянган ҳолда, яъни рўйхатдан ўтказишнинг соддалаштирилган тартиби туфайли, мамлакатдаги илк женерик препарат – “Ривароксабан”ни таблетка кўринишида ишлаб чиқариш учун зарур барча жараёнларни қисқа вақт ичида амалга оширди.

20 миллиграмм дозадаги “Ривароксабан Nobel”  2020 йил сентябрь ойининг охири - октябрь ойининг бошларида мамлакат дорихоналарига етказиб берилади. Препаратнинг 10 ва 15 миллиграмм кўринишдаги турларини ишлаб чиқариш бўйича жараёнлар давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, “Nobel Pharmsanoat” компанияси аввалроқ Ўзбекистонда “Ковипир” номи остида фавипиравир фаол моддасини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган эди. Бундан ташқари, яна бир муҳим препарат – 250 миллиграмм дозадаги “Витамин С” дори воситасини ҳам ишлаб чиқармоқда.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech