Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Ўзбекистон ва Миср ўртасида йирик инвестиция лойиҳаси имзоланди

Жорий йилнинг 23 февраль куни пойтахтимизнинг Hyatt  Regency Tashkent меҳмонхонасида Мисрнинг SOLYPHAR компанияси билан “Таблеткалар, қаттиқ желатинли капсулалар ва дозаланган кукунлар шаклидаги дори воситаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича уч томонлама битимни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур қўшма лойиҳа Миср Aраб Республикаси Президенти Aбдул-Фаттоҳ ас-Сисининг 2018 йил 4-5 сентябр кунлари Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувлар доирасида амалга оширилади.

Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги битимни Тошкент вилояти ҳокимининг ўринбосари Жамшид Aбдусаломов, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев ва SOLYPHARM компанияси Президенти Умар Муҳаммад Aбдулалим Муҳаммад имзоладилар.

Имзолаш маросимида, шунингдек, Мисрнинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Амира Фахмий, Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Шохрух Шарахметов, йирик маҳаллий фармацевтика компаниялари, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этишди.

Лойиҳа борасида журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев Тошкент вилоятида барпо этилиши кўзда тутилган корхона қиймати 20 миллион долларни ташкил этишини айтди.

- Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 500 миллион дона таблетка, 200 миллион дона капсула ва 10 миллион дона сашени ташкил этади. Жами, 120 дан ортиқ дори турлари ишлаб чиқарилади. Янги корхона Зарур ишлаб чиқариш амалиёти - GМР талабларига жавоб беради.

Шунингдек, корхона ишга туширилиши муносабати билан 200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади. Янги ва илғор технологияларни жорий этиш орқали маҳаллий мутахассисларни юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга тайёрлашни ташкил этиш режалаштирилган.

Учрашув якунида маросим иштирокчилари қўшма лойиҳа доирасида амалга ошириладиган ишларда муваффақиятли натижаларга эришишга умид билдирдилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech