Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Ўзбекистонда фармацевтика соҳасини ривожлантиришга қаратилган меморандум имзоланди

2021 йил 31 март куни Тошкент фармацевтика институти ва Ўзбекистон фармацевтика бозорида етакчилардан бири ҳисобланган «Grand Pharm Trade» компанияси ўртасида «Республика фармацевтика бозори учун кадрлар тайёрлаш соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида»ги меморандум имзоланди.

Мазкур меморандум талабалар учун амалий машғулотлар, бакалаврларга стипендия ва ҳомийлик, магистрлар учун «Grand Pharm Trade» ходимлари билан биргаликда тижорат лойиҳаларида ишлаш, шунингдек, институт олимлари (докторантлари) учун тадқиқот дастурларида иштирок этиш имкониятларини яратади.

Шунингдек, компания томонидан талабалар кириб танишишлари ва амалий машғулотлар олиб бориш учун база тақдим этилади. Улар орасидан энг яхши ва энг истиқболли деб топилган амалиётчилар шу соҳадаги етакчи компанияларда иш билан таъминланади, бу ҳозирги шароитда айниқса муҳимдир.

Шу билан бирга, ушбу компания республикамиздаги ва хориждаги етакчи мутахассислар иштирокида семинар ва конференциялар ўтказиш учун тўлиқ ўқув платформаси яратиш, ҳамда «Дорихона тармоғининг чакана савдо стандартлари» дарсларини бепул ташкил этишга мўлжалланган махсус дорихона савдо майдончаси учун жиҳозланган ўқув синфини яратишни режалаштирмоқда.

Дунё аҳолиси ва умр кўриш давомийлиги муттасил ўсиб бораётган ҳозирги даврда фармацевтика саноати алоҳида ўрин тутади. Ушбу соҳада илмий-тадқиқот ва намунали дизайн яратиш бўйича дунёдаги энг илғор технологияларни жалб қилиш ва жаҳон саноат стандартларига жавоб бера оладиган мутахассисларни тайёрлаш керак.

«Олий ўқув юрти билан ҳамкорлик талабалар таълими самарадорлигини ошириш учун ҳам, бизнинг ташкилотимиз ўртасидаги турли хил ҳамкорлик схемаларини жорий этиш орқали фармацевтика маҳсулотлари ва хизматлари сифатини ошириш учун ҳам аъло натижа беради. Ўйлайманки, бундай ҳамкорлик замонавий воқеликка мантиқан тўғри келади, чунки компания олий ўқув юртининг академик таълими билан бир қаторда ушбу соҳадаги барча илғор ўқув ва амалий ишланмаларни тақдим этиши мумкин», - деди компания раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг телеграм каналида ўтказилган танлов cўровномасида қатнашган иштирокчиларнинг берган овозлари сарҳисобига кўра, “Ўзбекистон Республикасида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалиши даврида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга энг кўп ҳисса қўшган импортёр-дистрибютор” номинациясида «Grand Pharm Trade» компанияси фахрли иккинчи ўринни қўлга киритган эди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech