Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Янги таҳрирдаги “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди

Коррупцияга қарши курашиш агентлигига давлат харидлари соҳасида масъулиятни ошириш ва коррупцияни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуни талабларини, шу жумладан, харид қилиш тартиб-таомиллари турларини белгилаш ва ижрочини танлаш шартларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш вазифаси юклатилган.

Шунингдек, мазкур фармонда давлат харидлари доирасида тузилган шартномаларни мажбурий равишда эълон қилиш, давлат харидларини танлов ва тендер савдолари орқали замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириш тартибини жорий этиш зарурлиги белгиланган.

Шу муносабат билан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди ва айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида депутатлар томонидан кўриб чиқилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизматининг хабар беришича, лойиҳада давлат харидлари соҳасида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш, хусусан, давлат харидларининг очиқ ва шаффоф ҳамда самарали тизимини яратиш орқали коррупциянинг олдини олиш кўзда тутилган.

Шунингдек, лойиҳада коррупцион омиллар, ҳуқуқни тартибга солишдаги бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида “бенефициар”, “давлат харидларининг ижрочиси”, “дастлабки малака танлови”,  “захира ғолиби, “ихтисослашган ташкилот”, “манфаатлар тўқнашуви”, “харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчисининг аффилланган шахси” каби  тушунчаларга таърифлар берилди ва мазмунан кенгайтирилди.

Коррупциянинг олдини олиш нуқтаи назаридан ошкоралик, рақобат ва қарорларни қабул қилишнинг холисона мезонларига асосланадиган харид тизимларини яратиш учун харид эълонлари ва тузилган шартномаларни давлат харидлари порталига жойлаштириш, жамоатчиликка ошкор қилиш ҳамда жамоатчилик назоратини амалга оширишга етарли шарт-шароитлар яратишга эътибор қаратилган.

Харидларда савдо ғолибларини танлаш ва қарорларни қабул қилиш мезонларини ҳамда иштирок этиш шартларини белгилаш шартлари олдиндан очиқ эълон қилиниши кўрсатиб ўтилган.

Энг яхши таклифларни танлаш, тендер жараёнларини электрон шаклга ўтказиш коррупциянинг олдини олишда шаффофлик ва очиқликни таъминлашга ёрдам бериб, инсон омилини камайтиради ҳамда ушбу жараёнларни мониторинг қилишни осонлаштиради.

Бундан ташқари, давлат харидлари жараёнида коррупциянинг олдини олишга қаратилган чекловлар, яъни иштирокчиларнинг яқин қариндошлари ижрочини танлаш бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган тақдирда иштирокчини давлат харидларида иштирок этишига йўл қўйилмаслиги акс эттирилган. Бундан ташқари давлат харидлари ўтказилиши тўғрисидаги эълоннинг матнига иштирокчилар ўртасида рақобатни чеклайдиган талабларни киритишга тақиқ қўйилган.

Давлат харидлари доирасида тузилган барча шартномалар тўғрисида маълумотларни жамлаш ягона реестр орқали амалга оширилиши ҳақидаги тартиб ҳам белгиланмоқда. Шунингдек, тўғридан-тўғри шартномалар тузилганлиги тўғрисидаги ахборот давлат харидларининг электрон тизимида жойлаштирилмаган бўлса, ушбу шартномалар бўйича тўловлар амалга оширилмайди. Бу ўз навбатида, шартномаларни очиқлигини таъминлайди ва жамоатчилик мониторингини ўтказишга имкон яратади.

“Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири келгусида тадбиркорлар орасида ҳалол рақобат муҳитини яратишга, очиқлик ва шаффофликни таъминлашга, жамоатчилик назоратини кучайтириб, коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech