Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Зотилжам нима ва ундан қандай сақланиш мумкин?

Шамоллаш касалликларидан етарли даражада даволанмаганда оғир респиратор асоратлар ривожланиши ва ўпкани сурункали касалликлари, масалан, пневмонияни кучайтириши мумкин. Хўш, пневмония нима, ундан қандай сақланиш лозим?

Куз-қиш ойлари кўпчилик шамоллаш ёки гриппдан азият чекади. Бунинг устига коронавирус инфекцияси хафви ҳар дақиқа эҳтиёт бўлиш, ўзни асрашни тақозо этмоқда. Шамоллаш касалликларидан етарли даражада даволанмаганда оғир респиратор асоратлар ривожланиши ва ўпкани сурункали касалликлари, масалан, пневмонияни кучайтириши мумкин. Хўш, пневмония нима, ундан қандай сақланиш лозим?  

Тошкент вакцина ва зардоблар илмий текшириш институти бош илмий ходими, профессор Эгамберди ЭШБОЕВ шу хусусда сўз юритди:

Зотилжам (пневмония) ўпканинг ўткир ёки сурункали яллиғланиши касаллиги сирасига киради. Нафас олиш аъзолари хасталиклари ичида тез-тез учрайди, аксарият ҳолларда ўпка тўқималаридаги альвеола, оралиқ тўқима, майда капиляр қон томирлари яллиғланади. У бурун, томоқ, бронх касалликларининг иккиламчи асорати сифатида ҳам пайдо бўлиши мумкин. Хасталик кўпроқ ёш болалар ва кексаларда учрайди, аммо бу бошқа ёшдагиларда кузатилмайди, дегани эмас. Бемор ўз вақтида, тўғри ва самарали даволанса, ундан асорат қолмайди. Агар ҳар хил баҳоналарни пеш қилиб, даволанишдан қочса ёки нотўғри даволанса, турли асоратлар юзага келади. Ҳатто нимжон ва иммун тизими паст одамлар вафот этиши ҳам мумкин.

Зотилжам касаллигини келтириб чиқарадиган сабаблар талай. Унинг биринчиси бактерия, яъни пневмакокк (шунинг учун ҳам касаллик “пневмония” деб аталади), стафилакокк, стрепкокк, энтеракокк, фридлендер таёқчаси, кўк таёқча, ичак таёқчаси ва бошқа инфекциялардир.

Вируслар, грипп, парагрипп, коронавирус, риносинцитиаль вируслар, аденовирус, микоплазма, риккетсия ва замбуруғлар ҳам зотилжам касаллигига сабаб бўлиши мумкин. Ўткир зотилжам хасталиги турли бошқа юқумли  (орнитоз, кўкйўтал, қизамиқ, бруцеллёз, ич терлама каби) касалликларнинг асорати туфайли иккиламчи бўлиб ривожланиши ҳам кузатилади.

Бироқ зотилжам касаллигига 50-57 фоиз ҳолатларда пневмококклар сабаб бўлади. Ўткир респератор касалликлар, грипп ва коронавирус келтириб чиқарадиган зотилжам эса эпидемия, ҳатто пандемия сифатида авж олиши мумкин. Бу вазиятда аксарият ҳолатларда унга микроб қўшилади ва касаллик шу тариқа оғирлашади.

Шифокор агар касаллик чақирадиган инфекция манбаини  яхши ва мукаммал билмас экан, у фақат дори-дармоннинг қули бўлиб қолаверади. Касалликни қўзғатувчи пневмаккокларни 1871 йилда немис микробиологи Роберт Кох аниқлаган. Кейинчалик Луи Пастер (1881 йил) бемор балғамидан уни  ажратиб олишга муваффақ бўлган. Орадан беш йил ўтиб, (1886 йил) К.Френкел пневмакокк зотилжам касаллигининг қўзғатувчиси эканини исботлади.

Бу микроб одатда жуфт-жуфт бўлиб жойлашади. Баъзан занжирсимон кўриниш олади.  Катталаги 0,5 - 1,26 мкм ни ташкил қилади. Бироз чўзинчоқ, овалсимон кўринишга эга. Ташқи муҳитда устида спора ҳосил қилмайди. Аммо одам ёки ҳайвон организмига тушса капсула пайдо бўлади. Капсула микробни ташқи томондан ўраб олиб, уни ҳар хил ташқи таъсирлардан ҳимоя қилади.

Пневмакоккларни лаборатория шароити, яъни сунъий озиқ муҳитида ўстириш анча қийин. Бойитилган озиқ муҳитида 37 даража иссиқликда ундириш мумкин. Аммо пневмакоккларни 28-42 даража иссиқда ҳам кўпайиши кузатилган. Улар, асосан, қонли муҳитни хуш кўради. Шунинг учун ҳам зотилжамнинг дастлабки кунлари улар ўпканинг майда қон томирларига зарар етказади. Кейинчалик ўпкада шиш ва яллиғланиши юз беради ва бу ҳолат пневмакоккларнинг кескин кўпайишига олиб келади. Улар агрессив ферментларни ҳосил қилади. Сахароза, лактоза, мальтозаларни парчалайди.

Пневмакоккларда уч хил антитана мавжуд. Микроб устида, яъни капсуласида жойлашган антитаналар 80дан ортиқ, уларнинг одам организмига таъсири ва  қаршилиги ҳар хил.   

Пневмакокклар ташқи муҳитга у қадар чидамли эмас. Дезинфекцияловчи моддалар таъсирида 1-2 дақиқада, 50-55 даража қиздирилганда 10 дақиқада, қайнатилганда шу заҳоти ўлади. Аммо оқсил модда билан ўралганда,  яъни қуриб қолган балғам, қон ва бошқа паталогик материалларда бир неча ой давомида сақланади. Нам ва совуқ ҳавони яхши кўради. Шунинг учун ҳам нафас олиш йўллари ва ўпканинг яллиғланиши (шамоллаши) йилнинг совуқ фаслларида кўп кузатилади. Тажриба тариқасида оқ сичқон, денгиз чўчқаси ва қуён организмига юборилганда 24-48 соат ичида касаллик ривожланиб, ўлим ҳолати кузатилган ва ёриб кўрилганда ички органларида жуда кўп капсулали пневмакокклар борлиги аён бўлган.

Ҳайвонлардан бузоқ, чўчқа болалари ва қўзичоқлар ҳам зотилжамга чалинади. Пневмоккоклар юқори нафас йўллари орқали кириб, шу ернинг шиллиқ соҳасида узоқ вақт сақланиб қолиши мумкин. Шунинг учун зотилжам ташқи (экзоген) ва ички (эндоген, қон ва лимфа) йўллар орқали ривожланади. Аксарият ҳолларда ҳаво-томчи йўли орқали юқади. Аммо ҳамма вақт ҳам касаллик юзага келавермайди. Одам шамоллаганда, ўта зах жойда яшаб толиққанида, авитаминозда, оч наҳор яшаганида, камқонликда, касаллик ва ичкиликбозликка ружу қўйганида, хуллас, иммунитет — организмнинг ҳимоя кучи камайиб кетганида пневмаккоклар юқори нафас йўлларидан қуйи аъзоларга ўтади ва касаллик келтириб чиқаради. Пневмакокк юқори нафас йўлларининг шиллиқ қаватида бронхит, зотилжам, қонга тушса, бактерия ва сепсисни юзага келтиради. Қариялар ва чақалоқларда бутун аъзога тарқалиб оғир касалликлар, сепсис, менингитга олиб келиши мумкин. Ундан ташқари, бўғимлар яллиғланиши, эндокордит, отит, перетонит, гайморит, ангина ва бошқа қатор касалликларга сабаб бўлади.

Бемор соғайгач, коронавирусга қарши ўртача кучдаги, узоқ давом этмайдиган махсус иммунитет ҳосил бўлади. Иммунитет ҳар бир беморда индивидуал, серологик вариантларга хос бўлади, шунинг учун одам умри давомида пневмакоккларнинг бир неча типи билан кўп бор касалланиши мумкин.

Ўткир зотилжам касаллиги ҳар қандай ёшдаги одамда кузатилади. Айниқса совуқда юпун кийинадиган, зах ва елвизакда қолганлар кўп чалинади. Касаллик тўсатдан бошланиб, беморнинг ҳарорати 38-39 градусдан ошади, эти увишади, совқотади, қалтираб, кўп терлайди.

Дастлаб қуруқ, кейин балғамли нам йўтал бошланади. Бу даврда беморнинг кўкрак қафаси санчиб оғрийди. Нафаси сиқиб, ҳаво етишмаслик бошланади. Кўкрак атрофидаги оғриқ йўталганда ва нафас олганда кучаяди. Лаби, бурни ва қулоғи териси бироз кўкаради. Ҳатто оғиз ва бурни териси атрофига майда пуфакли тошма (учуқ) чиқади. Кўкрак қафасидаги оғриқ беморнинг бир зайлда нафас олишига йўл қўймайди. Бемор тез-тез, чала нафас олишга ҳаракат қилади. Ҳатто шиллиқ балғамга бироз қон қўшилиши мумкин. Ҳадеб йўталавериш унинг тинкасини қуритади.

Ўткир зотилжамда ўпканинг ҳар хил қисмларидаги яллиғланиш ва ҳаттоки ўчоқларнинг катта-кичиклигига қараб клиник манзара бир-биридан фарқ қилади.  Масалан, крупоз зотилжамда ўпканинг битта ёки бир нечта бўлаги ёки сигменти яллиғланади ва ундаги ўзгаришлар узлуксиз кетма-кет давом этиши мумкин. Биринчи ҳолатда ўпканинг қонга тўлиш босқичи рўй беради. Бунда қон томирчаларининг ўтказиш хусусияти ошиб, альвеолар ичида яллиғланиш суюқликлари тўпланади. Бу давр 12 соатдан 3 кунгача давом этади. Иккинчи босқичда қизил жигарранг тус олади. Бунда альвеолалар ва кичик бронхлардан суюқликлар таркиби қон элементлари билан тўйинади. Альвеолардаги қон ўрнини қизил заррачалар эгаллайди. Ўпка тўқимаси ҳавосизланади ва зичлашиб қизил, кейинчалик жигарранг тусга киради. Бу босқич яна уч кунгача давом этади. Учинчи босқич 3-6 кунгача чўзилади ва ўпка кулрангга мойил жигарранг тусга киради.

Йиринг ҳосил қилувчи таначалар кўпайиб кетади. Кейинги тузалиш босқичи самарали даводан сўнг бошланади ва бу касалликнинг 9-10 кунларида юз беради. Бунда ўпкада альвеола бўшлиғидаги қон элементлари кескин камайиб, суюқлик аста-секин сўрила бошлайди. Ўпка тўқимаси тикланиш томон силжийди, беморнинг йўтали юмшайди, кўп балғам ажралади. Кўкрак қафасидаги оғриқлар йўқолади. Беморнинг нафас олиш тезлиги ва ҳарорати меъёрига туша бошлайди. Унинг умумий аҳволи яхшиланади. Крупоз пневмонияда ўпкадан ташқари бошқа аъзолар ҳам сезиларли даражада зарарланиши мумкин, айниқса, юрак уриши тезлашади, қон босими пасайиши кузатилади. 

Зотилжам касаллигига аниқ клиник ташхис қўйиш ҳозирги “техника замони”да унчалик қийин эмас. Беморнинг қони, балғами, пешоби лабораторияда текширилади. Ташхисда, айниқса ўпкани рентген усули билан текшириш муҳим роль ўйнайди. Беморнинг олд ва ён томонидан туширилган рентген тасвири яллиғланиш ўчоқлари ўпканинг қайси бўлагида эканини, унинг ҳажмини белгилаб беради. Айниқса, ҳозирги пайтда тиббиёт амалиётига кенг жорий қилинаётган компьютер томография усули ўпкада яллиғланиш ўчоқлари ҳар қандай кўринишда бўлишидан қатъи назар аниқлаб бера олади.

Бактериал зотилжам коронавирусли ўпка касалликларидан бир мунча фарқ қилади ва бу, албатта, алоҳида мавзу. Касаликка чалинган беморлар касалхона ёки уй шароитида даволаниши мумкин. Коронавирусли зотилжамга нисбатан пневмакоккли зотилжамда антибиотик ва сульфалинамид перепаратлар яхши наф беради. Беморлар тана ҳарорати кўтарилганда уйда қолиши, кўп суюқлик ичиши, витамин ва оқсилларга бой овқатларни, мева ва сабзавотларни истеъмол қилиши керак бўлади.

Касалликнинг олдини олиш чора-тадбирлари аҳоли ва жамоатчилик кундалик ҳаётига кенг татбиқ этилиши лозим. Бунинг учун танани чиниқтириш, оқсил ва витаминларга бой овқатларни ўз вақтида истеъмол  қилиши керак. Томоқ, бурун ва бронхлардаги ҳар хил яллиғланиш касалликларининг олдини олиш, айниқса, ўткир бронхит ва зотилжамни ўз вақтида даволатиш, касалликни келтириб чиқаришда иштирок этадиган омиллар, тамаки, нос чекиш, совуқ кунлари енгил-юпун юриш, музлатгичдан қаттиқ совитилган газли, шакарли суюқ ичимликларни ичиш ман қилинади. Зотилжам касаллигининг олдини олишда тўғри меҳнат тартиби, ҳавонинг чанг-газлар билан ифлосланиши ҳамда атроф-муҳитнинг тозалиги муҳим аҳамиятга эга.

Душман билан курашишда, агар унинг кучи, техникаси, шарт-шароити ва қудрати нималарга қодир эканини яхши билсак, самарали натижага эришиш мумкин. Бунинг учун эса, энг аввало, зотилжамни келтириб чиқарадиган пневмококк, бактерия, стафилакокк, стрептококкнинг хусусиятини билиш, унинг нимага қодир эканини баҳолай олиш лозим. Мукаммал ишлай оладиган микробиологик лабораториялар ва уларда ишлаш учун ёш микробиологларни тайёрлаш бугунги куннинг муҳим вазифаси саналади.

Манба

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech