Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

“Avicenna’s Heritage” танлови

“Avicenna’s Heritage” танлови

“Avicenna’s Heritage” танловини ўтказиш тартиби тўғрисида Низом

боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом ҳар йили декабр ойида бўлиб ўтадиган Доривор ўсимликларни етиштириш ва қўллашни тарғиб қилиш бўйича  “Avicenna’s Heritage” танловини (кейинги ўринларда – танлов деб юритилади) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини, танловнинг асосий шартларини белгилайди.

2. Танлов Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилади ва ўтказилади.

3. Танловнинг асосий мақсади – Доривор ўсимликларнинг фойдали хусусиятларини, доривор ўсимликлар ва улардан ишлаб чиқилган маҳсулотларнинг тиббий аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказишдан иборат.

4. Танлов якунларини белгилаш ва ғолибларни аниқлаш “Avicenna’s Heritage” танловини ўтказиш бўйича комиссия томонидан амалга оширилади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати комиссия ишчи органи ҳисобланади.

5. Матбуот хизмати танлов тўғрисидаги эълон ва унинг шартларини Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги веб-сайтида ва бошқа манбаларда жойлаштиради.

2 боб. Танлов номинациялари

6. Танлов қуйидаги номинациялар бўйича ўтказилади:

Энг яхши телекўрсатув (Доривор лимонўт, Туркистон арслонқуйруғи, Самарқанд бўзночи, Сариқ андиз ўсимликлар мавзусида)
Энг яхши ролик (Александрия саноси, Уч бўлакли иттиканак, Оқ каррак, Қора седона ўсимликлар мавзусида)
Энг яхши дудл видео (Қовоқ уруғи, Темиртикан, Стевия, Катта зубтурум ўсимликлар мавзусида)

7. Танловга тақдим этилган видеороликлар давомийлиги 3 дақиқадан 5 дақиқагача бўлиши мумкин. Видеомаҳсулотлар долзарблик, ҳаққонийлик, холислик, таъсирчанлик, тушунарлилик ва креативлик мезонлари асосида махсус комиссия томонидан баҳоланади.

8. Видеомаҳсулотларда қуйидагилардан фойдаланишга йўл қўйилмайди:
Интернет телекоммуникация тармоғидан олинган графика, видео ва фотосуратли материаллар;
шаҳвоний ҳирс уйғотувчи саҳналар ва (ёки) зўравонлик, бузғунчилик саҳналари, шунингдек одамлар ва ҳайвонларнинг жисмоний азобланишини акс эттирувчи саҳналари бўлган лавҳалар;
қўрқинчли, стрессли ҳиссиётлар ва ҳаяжонларни кўрсатувчи матнлар, саҳналар, овозли эффектлари.

9. Видеороликлар ва уларнинг қисмига нисбатан муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлари ҳимоя қилинган ва/ёки ҳимоя қилиш бўйича учинчи шахсларнинг даъволари бўлмаган, шунингдек, видеороликларда фойдаланилган ахборотларнинг ишончлилиги билан бирга, шаън, қадр-қиммат ва ишбилармонлик обрўси ҳимоя қилинганлиги бўйича даъволар мавжуд эмаслиги кафолатланган бўлиши керак.

10. Видеороликлар танлаган номинация бўйича ўзбек тилида тақдим этилади.

11. Танловда бир ёки бир нечта (ижодий гуруҳ) муаллиф иштирок этиши мумкин.

12. Танловга тақдим этиладиган ижодий ишлар сони 1 тадан кўп бўлмаслиги лозим.

13. Танловга мобил қурилмалар (планшет, телефон ва ҳоказо) орқали тайёрлаган видеороликлар ҳам тақдим этилиши мумкин.

3 боб. Танловни ўтказиш

14. Танловда қатнашиш учун видеороликлар танланган номинациялар бўйича ҳар йили 20 ноябрдан 25 ноябрга қадар (ўша куни ҳам) қабул қилинади.

15. Видеороликлар Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати томонидан қабул қилиб олинади.

Видеороликлар https://t.me/tanlovdorivorbot telegram-ботига ҳам юборилиши мумкин.

Шунингдек, диск ва бошқа ахборот ташувчи мосламаларга ёзилган видеороликлар – Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (Тошкент шаҳри, Чингиз Aйтматов кўчаси, 1A уй) манзилида қабул қилиб олинади.

16. Танловга тақдим этилган видеороликларга қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши лозим:

муаллиф (Ф.И.Ш.) ва унинг фаолияти тўғрисидаги қисқача маълумот;
муаллифнинг паспорти/ID карта серияси ва рақами;
муаллифнинг манзили ва телефон рақами.

17. Танловга қабул қилинган видеороликлар ва ҳужжатлар муаллифга қайтарилмайди.

18. Танловга тақдим этилган видеороликлар 1 ноябрдан 25 ноябрга қадар электрон ОАВда, телерадиоканалларда ёки шахсий блогда эълон қилинган бўлиши кекрак.

19. Комиссия танловга тақдим этилган видеомаҳсулотларни 1 декабрга қадар кўриб чиқади ва баҳолаш мезонлари асосида ҳар бир номинация бўйича 1-, 2-, 3-ўринларга сазовор ғолиблар ва совриндорларни аниқлайди.

20. Баҳолаш қуйидаги мезонларга асосан амалга оширилади:

танловга қўйилган иши (тугалланган иш) – 20 балл;
юборилган материал мавзусига хослиги – 20 балл;
мавзунинг мазмун-моҳияти тўлақонли очиб берилганлиги – 20 балл;
мавзуни ёритишда замонавий ва инновацион ғояларни қўлланилганлик даражаси – 20 балл;
мавзуни ёритишга ўзига хос ижодкорлик хусусиятлари ифода этилганлиги – 20 балл.

21. Баҳолаш мезонлари бўйича умумий баллар қўшиб ҳисобланганда энг юқори кўрсаткичга эришган иштирокчилар танлов ғолиби деб топилади.

22. Ҳар бир номинация бўйича ғолиб ва совриндорлар қуйидаги мукофотлар билан тақдирланади:

1-ўрин учун – ноутбук;
2-ўрин учун – планшет;
3-ўрин учун – телевизор.

Бундан ташқари, ғолиб ва совриндорларга махсус диплом ва гулдасталар топширилади.

23. Танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими тантанали равишда ўтказилади.

4 боб. Молиявий таъминот

24. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда танловда ғолиб ва совриндор иштирокчиларга мукофотларни бериш Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

 Avicenna’s Heritage” танловини ўтказиш бўйича комиссия таркиби

С. Кариев

-

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори, Комиссия раиси

Лавозими бўйича

-

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (МТРК) маъсул ходими (келишув бўйича)

Лавозими бўйича

-

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги маъсул ходими (келишув бўйича)

Лавозими бўйича

-

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги маъсул ходими (келишув бўйича)

Б. Темиров

-

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари

Лавозими бўйича

-

Доривор ўсимликларни етиштириш,

қайта ишлаш ва илм-фанни

ривожлантириш бошқармаси бошлиғи

Қ. Бегматова

-

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги матбуот котиби, Комиссия раиси котиби

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech