Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

«Ахборот хизматлари фаолияти: очиқлик, тезкорлик ва холислик бош мезон» мавзусидаги II миллий конференция бўлиб ўтди

27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан бугун пойтахтимиздаги «City Palace Hotel Tashkent» меҳмонхонасида «Ахборот хизматлари фаолияти: очиқлик, тезкорлик ва холислик бош мезон» мавзусидаги II миллий конференция бўлиб ўтди.

Аввал хабар берилганидек, тадбирда Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари — Президент матбуот котиби Шерзод Асадов, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев, Ўзбекистон миллий медиа ассоциацияси бошқаруви раиси Шерзодхон Қудратхўжа, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Нозима Давлетова, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов, Сенат қўмита раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев, Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова, Журналистлар уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Конференцияда сўзга чиққанлар кейинги беш йилда мамлакатимизда буткул янги — давлат идоралари ва ташкилотларининг матбуот котиблари институти шакллангани, соҳада ҳозирга қадар амалга оширилган ишлар, келгуси режалар, бугунги кунда эътибор қаратилиши лозим бўлган долзарб масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Хусусан, Президент матбуот котиби Ш.Асадов мамлакатимизда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан катта қадам ташланганини эътироф этди:

«Медиа маконда ахборот хизматларининг роли кучайди, танқидий материалларга узоғи билан 2-3 соатда расмий муносабат билдириляпти, раҳбарларнинг оммавий ахборот воситаларида чиқишлари кўпайди. Ушбу натижалар учун фаол ва чин дилдан меҳнат қилаётган барча матбуот котибларига миннатдорлик билдираман.

Бугун Ўзбекистонда сўз эркинлиги, давлат органларининг очиқлиги, ҳар қандай долзарб масала юзасидан маълумот олишнинг осонлашгани — мана шу ислоҳотларнинг натижасидир. Буни амалга оширишда, албатта, сизларнинг ўрнингиз беқиёс.

Шу боис олдимизда турган жуда катта вазифаларни чуқур ҳис қилиб, ўзингиз масъул бўлган соҳанинг очиқлигини таъминлашда фаоллик кўрсатишингизга ишонаман», — деди Ш.Асадов.

АОКА директори А.Ходжаев ахборот хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш, ўзлари ишлаётган ташкилотнинг очиқлигини таъминлаш ва ислоҳотлар натижасини аҳолига етказишдаги ролини кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, яқинда қабул қилинган «Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармонига асосан матбуот котибларининг баҳолаш рейтингидаги натижалар давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини баҳолашда инобатга олинишини, бу уларга жиддий масъулият юклашини қайд этди.

«Ўтган уч йилда жами 973 нафар матбуот котиблигига номзодлар суҳбатдан ўтказилиб, лавозимга тайинланди. Шу давр ичида 951 нафар матбуот котиби аттестациядан қилинди, уларнинг фаолияти ҳар 6 ойда тасдиқланган мезонлар асосида баҳолаб келинмоқда», — деди АОКА раҳбари.

Анжуманда матбуот котиблари ахборот маконидаги долзарб вазифалар юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирди. Тадбир иштирокчилари давлат органлари очиқлиги ва шаффофлигини оширишга қаратилган фармон ва қарорлар ижросини сарҳисоб қилиб, вазирлик ва идораларнинг ижобий тажрибасини оммалаштириш, камчиликларни бартараф этиш масалаларини муҳокама қилишди.

Конференцияда Агентлик ташаббуси билан давлат органлари мансабдор шахслари ва хизматчилари учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш бўйича ишлаб чиқилган тавсиялар қўлланмаси ҳам тақдимот қилинди ва барча қатнашчиларга тарқатилди. 

Тадбир доирасида, шунингдек, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни соҳалар кесимида халқимизга етказишдаги фаоллиги, ўтган ва жорий йилдаги юқори самарали фаолияти учун бир гуруҳ матбуот котибларига жумладан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги матбуот котиби Қизлархон Бегматовага Президент матбуот хизмати ва АОКА томонидан ташаккурнома топширилди.

www.aoka.uz

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech