Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Халқаро ташкилотнинг тавсияси эътиборсиз қолганмиди?

Самарқандда таблетка ва сироп кўринишидаги “Док-1 Макс” дори воситаси қабул қилинганидан сўнг беморларда турли ножўя таъсирлар кузатилгани билан боғлиқ вазиятга 23 декабрь куни “Эффект Макаренко” телеграм-каналида қуйидаги фикр билдирилган:

“… ни наше Агентство по развитию фармацевтической отрасли, ни Минздрав не посчитали нужным предупредить узбекистанцев. А ведь еще 5 октября вышел официальный релиз Всемирной Организации Здравоохранения о том, что зафиксированы случаи детских смертей от сиропов от кашля, произведенных в Индии. ВОЗ 5 октября призвал все страны выявить такие препараты и прекратить их использование. Почему в Узбекистане никто из ответственных за сферу не забил тревогу?”

Ушбуга жавобан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги қуйидагиларни маълум қилади:

Чиндан ҳам, октябрь ойининг аввалида ЖССТнинг тиббий маҳсулотларнинг қалбакилаштирилгани ҳақидаги 6/2022-сонли огоҳлантириши эълон қилинганди. Унда Maiden Pharmaceuticals Limited (Харьяна, Ҳиндистон) компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 4 та препарат: Promethazine Oral Solution (прометазин, перорал эритмаси), Kofexmalin Baby Cough Syrup (“Кофексмалин” йўталга қарши болалар сиропи), Makoff Baby Cough Syrup (“Макофф” йўталга қарши болалар сиропи) ҳамда Magrip N Cold Syrup (“Магрип Н” шамоллашга қарши сиропи) ҳақида сўз борганди.

ЖССТ томонидан огоҳлантириш эълон қилинган заҳоти Агентлик ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК Фармакологик назорат бўлими мутахассислари Ўзбекистион Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситалари реестрини мазкур ишлаб чиқарувчи томонидан чиқарилган ҳар қандай турдаги дори воситалари борлиги жиҳатидан ўрганиб чиқишди. Текширув препаратлар номи эмас, айнан ишлаб чиқарувчи компания номи асосида олиб борилди, зеро мазкур дори воситаларининг Ўзбекистонга кириб келган номи ва қадоғи огоҳлантиришдагидан фарқ қилиши мумкин эди.

Текширувлар натижасида ЖССТ огоҳлантиришида хабар қилинган дори воситаларини ишлаб чиқарувчи Maiden Pharmaceuticals Limited (Харьяна, Ҳиндистон) компаниясининг бирорта маҳсулоти айни дамда Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилмагани маълум бўлди.

Бошқача қилиб айтганда, “Эффект Макаренко” телеграм-каналида сўз борган ЖССТ огоҳлантириши Агентлик ходимлари томонидан ўз вақтида ўрганиб чиқилиб, тегишли чоралар кўрилган.

Таъкидлаш даркорки, аҳоли саломатлигини сақлаш мақсадида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ўз фаолиятини ЖССТ ҳамда фармацевтика соҳасига алоқадор бўлган халқаро ташкилотлар билан узвий ҳамкорликда олиб боради.

Фармакологик назорат бўлими ЖССТ хабарлари ҳамда АҚШ, ЕИ, Буюк Британия, Австралия ва ЕОИИ давлатлари тартибга солувчи органларинининг сайтларини мунтазам равишда ўрганиб боради.

Хусусан, мазкур ташкилотлар, шу жумладан ЖССТнинг ҳар бир тавсияси доимий тартибда ўрганиб чиқилади ва уларга ўз вақтида тегишли муносабат билдирилади.

Зарурат туғилганда агентлик Соғлиқни сақлаш вазирлигини, тартибга солувчи органларни, шунингдек ишлаб чиқарувчилар, дистрибьюторлар ҳамда истеъмолчиларни юзага келиши мумкин бўлган хавфлар ҳақида тезкорлик билан бохабар қилади.

Шу билан бир қаторда Агентлик томонидан тартибга солувчи органлар вакиллари, шифокорлар, фармацевтлар ва бошқа мутахассислар учун юртимизда рўйхатдан ўтказилган фармацевтика маҳсулотлари юзасидан маҳаллий ва ҳалқаро экспертлар иштирокида семинар-тренинг ҳамда консультациялар мунтазам равишда ташкиллаштириб келинади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech