Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Хоразм вилоятида соҳада амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳалар ҳолати билан танишилди

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Улуғбек Эгамов соҳада амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳалар ҳолати билан танишиш мақсадида Хоразм вилоятига ташриф буюрди.   

Даставвал таблетка, капсула ва саше кўринишидаги дори воситаларини ишлаб чиқараётган “Jayxun Invest” МЧЖни кўздан кечирган У.Эгамов  қиймати 12 млрд.сўмлик бир марталик шприц ва инфузион системалар ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди. Мазкур лойиҳа 2022-2024 йилларда амалга оширилиши кутилмоқда. 

Кейинги манзил “OKS MASSAGET” МЧЖ бўлди. Гален препаратларига ихтисослашган мазкур корхона бугунги кунда 13 турдаги дори воситаларини ишлаб чиқармоқда. Бу корхона томонидан қиймати 27,5 млрд.сўм бўлган бир марталик шприц (2,0 мл. - 50,0 мл.) ва системаларни ишлаб чиқариш лойиҳасининг 2022-2024 йилларда амалга оширилиши кўзда тутилган.

“Имконият саҳоват” МЧЖни бориб кўрган директорнинг биринчи ўринбосари йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 49,8млрд.сўмни ташкил қилувчи лойиҳа билан танишди. Айтиш даркорки, умумий қиймати 45,36 млрд.сўм (шундан: 15,12 млрд.сўм – ўз маблағи; 30,24млрд.сўм – банк кредити) бўлган  “Инфузион эритмалар, таблетка ва капсула шаклидаги дори воситаларини ишлаб чиқариш” лойиҳаси 2022 йилнинг декабрь ойида ишга туширилиши режалаштирилган. Бунинг натижасида эса 100 нафар янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда. 

Ўрганиб чиқилган яна бир лойиҳа “Urganch DVTBTTES” ШК томонидан 2023 йилнинг август ойида ишга туширилиши режалаштирилаётган “Лаборатория биносини қуриш ва модернизация қилиш” лойиҳаси бўлди. Умумий қиймати 20,4 млрд.сўм бўлган ушбу лойиҳа амалга оширилиши натижасида йилига 6 мингта лаборатор таҳлиллар ўтказилиб, дори воситалари ва тиббий буюмларга мувофиқлик сертификатлари расмийлаштириш имкони туғилади. Шунингдек, 15 та янги иш ўрни яратилиши ҳам кутилмоқда. 

Сўнгги манзил 4 турдаги тиббий буюмлар, 16 турдаги биологик фаол қўшимчалар ва 4 турдаги гигиена воситалари ишлаб чиқарувчи “HVARA” МЧЖ бўлди. Мазкур корхона томонидан 2022-2024 йилларда қиймати 27,5 млрд.сўм бўлган томчи ва спрей, шам, суртма ва антибиотик кукун кўринишидаги дори воситаларини ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech