Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Абу Али ибн Сино шахсияти, бой илмий мероси ўрганилмоқда

Ўзбекистон-Эрон ўртасидаги муносабатлар ва илмий-амалий ҳамкорлик янада ривожланмоқди. Жумладан, 2022 йилда Самарқандда Ўзбекистоннинг “Ибн Сино” жамоат фонди ва Эроннинг Абу Али ибн Сино номидаги илмий-маданий жамғармаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди.

Меморандумда биргаликда Абу Али ибн Сино асарлари ва меросини ўрганиш, икки мамлакат ҳудудида кенг кўламли тадбирларни ўтказиш бўйича Ўзбекистон ва Эрон ўртасида халқаро илмий маданий ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган.

Ўз навбатида “Ибн Сино” жамоат фонди халқаро майдонда илмий тадқиқот институтлари ва эронлик олимлар ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, кутубхоналардан ҳамда асл қўлёзмалардан фойдаланиш, нусха олиш, лингвистика таржималари ва илмий-тадқиқот фаолиятини ташкиллаштириш, Абу Али ибн Сино шахсияти, мероси, унинг дафн қилинган жойи тўғрисида ҳужжатли фильм суратга олиш мақсадида Эронга биринчи илмий экспедиция ташкил этилди.

Фонд томонидан Ўзбекистон Фанлар академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Маданий мерос агентлиги, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ва МТРК вакилларидан иборат 10 нафар олим ва мутахассислар гуруҳи шакллантирилди.

Биринчи илмий экспедиция “Ибн Сино” жамоат фонди, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан ташкиллаштирилди.

Натижада мамлакатимизнинг расмий делегацияси Теҳронга ташриф буюрди.

Дастлаб Ўзбекистон Республикасининг Эрон Ислом Республикасидаги элчихонасида амалий учрашув ташкил этилди. Унда Абу Али ибн Синонинг бой илмий-маданий меросини ўрганиш бўйича биринчи илмий экспедиция масалалари муҳокама қилинди.

Шундан сўнг делегация аъзолари Эрон Миллий кутубхонасига ташриф буюрди. Бу ерда давра суҳбати бўлиб ўтди. Мамлакатимиз делегацияси ноёб ва асл қўлёзмалар сақланадиган махсус кутубхона бўлими билан яқиндан танишди.

Ташриф доирасида илмий ходимлар Исфахон университетида ҳам бўлди. У ерда университет раҳбарияти ва мутахассислари, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, Ибн Сино меросини ўрганувчи олимлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Исфахон университетига “Ибн Сино” жамоат фондининг Абу Али ибн Сино мукофоти ва эсдалик совғаси топширилди. Шунингдек, ташриф доирасида делегация вакиллари Абу Али ибн Сино номидаги Ҳамадон университети, Маданий мерос маркази ҳамда Абу Али ибн Сино дафн этилган мажмуада ҳам бўлдилар.

Шундан сўнг мазкур мажмуа ҳудудида жойлашган музей, кутубхона ва Эрон жамғармаси билан танишилди.

Экспедиция доирасида Али ибн Сино номидаги илмий-маданий жамғармага ташриф ҳам ташкиллаштирилди. Унда биринчи экспедициянинг фаолияти якунлари сарҳисоб қилинди.

“Ибн Сино” жамоат фонди Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги илмий-маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида жорий йил октябрь ойида Бухоро шаҳрида “Абу Али ибн Сино ва Цивилизация” мавзуида XII халқаро илмий-амалий анжуманни ўтказиш ташаббуси билан чиқди.

Эслатиб ўтамиз, “Ибн Сино” жамоат фонди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 6 январда қабул қилинган фармони асосида ташкил этилган бўлиб, сўнгги 5 йилда мамлакатимизнинг 8 та ва 15 та хорижий мукофотга сазовор бўлган.

Экспедиция фаолиятига оид лавҳаларга қуйидаги видеода гувоҳ бўлишингиз мумкин.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech