Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ру O`z Ўз En

Агентлик делегацияси Лестер шаҳрида жойлашган Де Монфорт университетига ташриф буюрди

Фармацевтика тармоғини ривожланнтириш агентлиги директори Сардор Кариев бошчилигидаги агентлик ходимлари, янги Фармацевтика техник университети бўйича консультант ва мутасаддилардан иборат бўлган делегация Буюк Британиянинг Лестер шаҳрида жойлашган Де Монфорт университетига ташриф буюрди.

4 хил йўналишдаги Санъат, дизайн ва гуманитар фанлар, Бизнес ва ҳуқуқ, Соғлиқни сақлаш ва ҳаёт ҳақидаги фанлар ҳамда Ҳисоблаш техникаси, муҳандислик ва медиа факультетларида 27 000 га яқин талаба таҳсил олувчи мазкур университет Британия Таълим вазирлиги томонидан 2017 йилда олтин рейтингга муносиб дея топилган.

Times Higher Education рейтингида “Британиядаги энг сифатли таълим берувчи муассаса” дея эътироф этилган, 2019 йилда бўлса жаҳоннинг топ олий таълим мумассасаслари орасида 50-ўринга лойиқ топилган Де Монфорт университети факультетларнинг ҳар бири бир қанча мактабларга бўлинади. Хусусан, Соғлиқни сақлаш ва ҳаёт ҳақидаги фанлар факультети бир-бири билан узвий боғланган қатор мактаблар: Ўзаро яқин бўлган тиббиёт фанлари Лестер мактаби, Амалий ижтимоий фанлар мактаби, Лестер ҳамширалик иши ва акушерлик мактаби ҳамда Лестер фармация мактабларидан ташкил топган.

Ташриф чоғи агентлик экспертлари ушбу факультет мутасаддилари билан Де Монфортнинг қатор мактабларини Ўзбекистонда янги очилаётган Фармацевтика техник университетида жорий этиш борасида музокараларга киришишди. Айтиш даркорки, бу музокараларнинг иккинчи босқичи бўлиб, бундан бир қанча муддат аввал агентлик ва университет вакиллари Ўзбекистонлик талабаларнинг ушбу нуфузли олийгоҳда таълим олиб қайтиши борасида меморандумлар имзолашган эди.

Ушбу меморандумда кўзда тутилган 5 йиллик лойиҳага биноан, айнан Де Монфорт университетида магистратура босқичида таълим олиш учун 6 нафар талаба жўнатилган бўлиб, булардан 3 нафари юқори натижалар билан ўқишни тугатиб, ватанимизга қайтишди. “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудида бунёд этилаётган Фармацевтика техник университетининг бўлажак педагогик жамоасини шакллантирувчи бу магистрантлар ҳозирда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида фаолият олиб бормоқдалар. 

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech