Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Агентлик делегацияси Мисрга ташрифининг бошқа тафсилотлари

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги делегацияси Миср давлатига ташриф буюргани ҳақида хабар бергандик.

Мазкур ташриф самарали учрашувларга бой бўлди. Жумладан, агентлик вакиллари Мисрнинг дори воситаларини тартибга солувчи “EDA – Egyptian Drug Authority” ташкилоти раҳбарияти билан ҳам музокаралар олиб бордилар. Мисрда сифатли тиббий техникага талаб юқори бўлгани боис, араб томони Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган сифатли тиббий техникани Мисрга импорт қилиш истагини билдирди. Шунингдек, юртимиз фармацевтика терапевтик гуруҳларида танқис бўлган дори воситаларини Мисрдан экспорт қилиш бўйича таклиф ҳам билдирилди ҳамда бу режаларни амалга ошириш учун махсус ишчи гуруҳни ташкил этишга келишиб олинди. Ташриф давомида ташкилотнинг клиник тадқиқотлар ҳамда экспертизалар учун мўлжалланган лабораториялари кўздан кечирилди ҳамда ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг  Миср ишлаб чиқарувчи корхоналарига ташрифи ҳам уюштирилди.

Маълумот учун: 2019 йилда ташкил этилган “EDA” ташкилоти давлат ваколат органи сифатида тиббий маҳсулотлар ва материалларнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган сифати, самарадорлиги ва хавфсизлиги таъминланиши устидан назоратни амалга оширади.

Шунингдек, Мисрнинг ягона харидлар, тиббий таъминот ва тиббий технологияларни бошқарувчи органи “UPA” билан ўзаро мутахассислар малакасини ошириш дастурларини ташкил этиш, Africa ExCon кўргазмасида иштирок борасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Маълумот учун: “UPA” (Unified Procurement Authority) Мисрнинг тиббий доирасида дори-дармонлар ва тиббий буюмларнинг адолатли тақсимланишини таъминлаш йўлида ишлайди.

Мазкур мамлакатдаги йирик экспортёр - “Solyphar” компанияси бош ижрочи директори Омар Абделалим билан бўлган учрашувда Тошкент вилоятидаги “Бўстонлиқ-Фарм” ҳудудида фарммаҳсулотларни ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича инвестиция келишувига эришилди. Айтиш даркорки, ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 20 млн АҚШ долларини ташкил этади.

Маълумот учун: “Solyphar” компанияси 2016 йилда “ADMA Pharma”нинг  шўъба корхонаси сифатида ташкил этилган бўлиб, Миср фармацевтика бозорининг йирик экспортчи компанияларидан биридир. Марказий ва Шарқий Европа, Африка ва Осиёда фаолият юритади, маҳсулотини 21 та мамлакатга экспорт қилади.

2023 йил 19 февраль куни Агентлик делегацияси Ўзбекистон-Миср бизнес форумида иштирок этди. Форум доирасида Мисрнинг “Solyphar Pharmaceuticals” компанияси билан инвестиция келишуви, шунингдек Pharco Corporation, “FPi Future Pharmaceutical Industries” компаниялари билан шартнома асосида фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўналишида ҳамкорлик қилиш юзасидан Меморандумлар имзоланди.

20 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти билан ташкиллаштирилган давра суҳбатида Мисрнинг энг йирик компаниялари, хусусан  “ACDIMA”, “Pharco Corporation”, “Solyphar” компаниялари раҳбарлари қатнашди. Мазкур давра суҳбати якунида “ACDIMA” корпорациясининг Яқин Шарқда соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларига сармоя киритувчи йирик холдинг компанияси раҳбари Олфат Ғораб хоним шартнома асосида фарммаҳсулотларни ишлаб чиқариш йўналишида ҳамкорлик қилиш юзасидан Келишувга имзо чекди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech