Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Британиянинг нуфузли университетларида таълим олиш имкониятини қўлдан бой берманг

“Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери таркибида ташкил қилинадиган Фармацевтика техник университетида ҳалқаро талабларига мос равишда олий таълим ва илмий соҳада фаолият олиб боришни истайсизми?

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Британиянинг нуфузли университетларида таълим олиш имкониятини бермоқда.

Хорижий олий ўқув юртларининг магистратура йўналишида 2022-2023 ўқув йилларида малака ошириш истагида бўлган ҳамда ўз фаолиятини “Tashkent Pharma Park”да давом эттиришни мақсад қилган номзодлар учун навбатдаги танловни эълон қиламиз.

Ўқиш қуйидаги мутахассисликлар бўйича олиб борилади:

➖ Фармация;
➖ Биофармацевтика фанлари ва биотехнологиялар;
➖ Клиник фармация;
➖ Дори воситаларини тадқиқ қилиш ва ишлаб чиқиш;
➖ Фармацевтика технологияларининг сифатини таъминлаш;
➖ Биокимё;
➖ Тиббий кимё;
➖ Биотиббиёт фани;
➖ Косметология фанлари.

Танловдан ўтган ва чет эл университетларини битирган номзодлар ўз фаолиятларини “Tashkent Pharma Park”нинг илмий-педагогик ходимлари сифатида давом эттирадилар. Етук мутахассислар, профессор, ўқитувчилар тажрибаси, замонавий лобораториялардан фойдаланиш имконияти энди сизда бор.

“Tashkent Pharma Park” тизимида ишлаш ва замон талабига мос кадрга айланиш учун дадил қадам ташлаш вақти келди. Инновацион ривожланишга ҳисса қўшиш сизнинг ташаббусингиз, Ўзбекистон фармацевтикасини ривожлантириш йўлида самарали меҳнат қилиш имконини эса биз тақдим этамиз.

Магистратура йўналишида таҳсил олиш учун номзодларга қўйиладиган талаблар:

▪️ фармацевтика, биология, кимё ёки тиббиёт фанлари бўйича бакалавр даражаси;
▪️ Инглиз тили бўйича билим даражаси - IELTS 6.5;
▪️ “Tashkent Pharma Park” тизимида ишлашга бўлган рағбат, шунингдек, фармацевтика ва тегишли фанлар бўйича малака оширишга тайёрлик;
▪️ Ўзбекистон Республикасининг 40 ёшгача бўлган фуқароси бўлиш;

Қуйидаги харажатлар Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан молиялаштирилади:

➖ Талаба визасини олиш билан боғлиқ барча харажатлар;
➖ Ўқишдан олдин ва ўқиш тамомлангандан сўнг авиачипталар;
➖ Йўл харажатларига тегишли, аэропортдан университетгача ва тескари йўналишда содир бўладиган транспорт ҳамда Covid-19 ПЦР тестлар харажатлари;
➖ Университетда ўқиш пули;
➖ Университет ётоқхонасининг пули;
➖ Британияда яшаш учун тўланадиган ойлик маблағ;
➖ Тиббий суғурта.

Номзодлар қуйидаги ҳужжатлар тўпламини юборишлари шарт:

➖ Инглиз тилида тўлдирилган ариза;
➖ Профессионал касбий ривожланишдаги рағбат ва мақсадлар тўғрисида қисқача эссе (баён), 2 варақдан ортиқ бўлмаган ҳажмда (Times New Roman, 12 ўлчамда);
➖ Паспорт, 3*4 расм, диплом (иловаси билан) ва тегишли гувоҳнома, меҳнат дафтарчаси нусхалари pdf форматда;
➖ IELTS тест сертификати pdf форматда;
➖ Мавжуд бўлса, илмий-тадқиқот ишлари ва тадқиқотлар, фармацевтика сохасида олинган сертификатлар pdf форматда, нашр этилган мақолалар рўйхати - веб-манзил ҳаволалари билан.

Aризангизни www.form.uzpharmagency.uz манзилида тўлдириб қолдиришингиз мумкин. Aризалар 2022 йил 31 март соат 18:00 гача қабул қилинади.

▪️ Мурожаат учун: (71) 234-19-27, (71) 203-81-81
▪️ Email: farmagentlik@ssv.uz

“Tashkent Pharma Park”нинг замонавий, илмли мутахассислари бўла олишингизни хис этиш вақти келди. Ҳаракат сиздан, имконият эса биздан!

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech