Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Эхинацея – иммунитетни ошириш учун энг кучли доривор ўсимликлардан бири

Бу сеҳрли гулнинг ватани - Шимоий Америка. Қадимдан ҳиндулар эхинацеянинг нақадар шифобахш эканини билиб, унинг илдизидан жароҳатлар, ҳашаротлар, илон чаққан жойларига компресс қилишган. Мазкур гиёҳни қайнатиб, кўзларини ювишган, куйган жойларни тозалашган, дамламасини бўлса тиш оғриғи, милк яллиғланишидан ишлатишган.

Таркиби эфир мойлари, гликозидлар, сапонинлар, полисахаридлар, алкалоидлар каби моддаларга бой бўлгани боис, эхинацеяга иммунитетни кўтаришда унча-бунчаси бас кела олмайди.

Эхинацея:
1) Бактериостатик, яллиғланишга қарши, тинчлантиручи таъсирга эга: шамоллаш, грипп, қулоқ инфекциялари, сийдик қопи хасталикларида ёрдам беради.
2) Асаб тизими фаолиятини нормаллаштиради: депрессия, психик ва жисмоний зўриқишда қўл келади.
3) Ҳужайраларнинг патоген микроорганизмлар ҳужумига қаршилик кўрсатиш хусусиятини оширади. Бунда у нафақат микробларнинг ҳужайра мембранаси орқали киришига тўсқинлик қилади, балки организм бўйлаб тарқалишининг ҳам олдини олади.
4) Фаол моддалари қондаги лейкоцитлар миқдорининг ошишига ёрдам беради, иммуноглобулинлар ишлаб чиқарилишини стимуллайди.

Қизил эхинацеядан уй шароитида қайнатма тайёрлаш мумкин.

Бунинг учун қуритилган гиёҳдан 10 грамм олинади. 500 мл сувга солиниб, паст оловда милтиллатиб қайнатилади ҳамда иссиқ жойда уч соат дамланиб, докадан ўтказиб олинади.
Овқатдан аввал қабул қилинувчи эхинацея қайнатмасини шифокор билан маслаҳатлашиб, кейин истеъмол қилиш тавсия этилади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech