Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Фармрейд: Рўйхатдан ўтмаган дори воситаларини сотган дорихона фаолиятига чек қўйилди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман бўлимининг мурожаатига асосан Тошкент шаҳар фармацевтика тармоғини ривожлантириш бўлинмаси томонидан ўтказилган текширув давомида “Neo pharm” МЧЖга қарашли дорихонада қонунга хилоф равишда дори воситалари сотилаётганлиги ва текшириш натижасига кўра 7 номдаги: “Loceryl”, “Калимин 60", "Victoza", "Зовиракс лиофилизат", "Goal-f 75", "Contrасtubex 100”, “Dermatix aultra jel" дори воситалари сотиш учун дорихонада сақланаётганлиги аниқланиб, жавобгар иштирокида далолатнома расмийлаштирилган.

Маълумот учун ушбу дори воситалари юртимизда тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника Давлат реестр рўйхатига олинмаганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат бўйича Тошкент шаҳар фармацевтика тармоғини ривожлантириш бўлинмасининг “Neo pharm” МЧЖга дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун 2021 йил 10 сентябрда берилган ТN №731-сонли лицензияни бекор қилиш ҳақида Тошкент туманлараро иқтисодий судига киритган даъво аризаси суднинг тегишли ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилди ва “Neo pharm” МЧЖга дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун берилган лицензия бекор қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси 2016 йил 4 январдаги “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонунининг 23-моддаси 3-қисмига кўра, сифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини реализация қилиш мақсадида сақлаш, ташиш тақиқланади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech