Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Гиёҳвандлик ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Давлат божхона қўмитасининг Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси Контранбадага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйишга қаратилган кенг қамровли қатор тезкор тадбирлар ўтказишди.

Жумладан, Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида ўтказилган тезкор тадбирда олдиндан кузатувга олинган “Ласетти” русумли транспорт воситаси белгиланган тартибда тўхтатилиб, кўздан кечирилди.

Натижада, мазкур транспорт воситасида йўловчи сифатида келаётган шахсга тегишли, транспорт воситасининг орқа ўриндиғи устидаги кийимлар орасида қиймати 60 млн. сўмлик 4 минг дона “трамадол” гиёҳвандлик дори воситалари яширилганлиги фош бўлди.

Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, Наманган шаҳридаги хонадонлардан бири кўздан кечирилганида, мазкур хонадонда 1132 дона “трамадол” гиёҳвандлик дори воситалари сақланаётганлиги аниқланди.

Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда эса, транспорт воситасининг юкхонасидаги 2 та қопда  3733 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди.

Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб,  Тошкент шаҳар Бектемир туманида мазкур дори воситаларини қабул қилиш учун келган шахс ҳам қўлга олинди.

Бундан ташқари мазкур шахс ўз ихтиёри билан яқин қариндошларидан бирининг хонадонида яшириб қўйган 975 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларини тезкор ходимларга топширди.

Ўтказилган тадбир доирасида қиймати 454 млн. сўмдан ортиқ 4 708 дона  кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланувига чек қўйилди.

Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида ўтказилган яна бир ҳолатда ушбу туманда истиқомат қилувчи шахс тўхтатилиб, кўздан кечирилганида, униг қўлидаги қора рангли полиэтилен пакетда 580 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги маълум бўлди.

Шундан сўнг, мазкур шахснинг кўрсатмасига асосан тумандаги яшаш хонадонларидан бири кўздан кечирилганида, у ерда ҳам 4577 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди.

Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан аниқланган 20 та ҳолатда жами 37 832 дона гиёҳванд моддалар ҳамда кучли таъсир қилувчи дори воситаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech