Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Ҳиндистоннинг Avantika Medex компанияси Ўзбекистон фармацевтика тармоғига сармоя киритишга тайёр

Шу кунларда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида Ҳиндистоннинг Avantika Medex Pvt Ltd компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда томонлар ҳамкорлик масалалари, хусусан, юртимизда фармацевтика корхонасини қуриш бўйича келишувларни амалга оширишни муҳокама қилдилар.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Aлишер Темиров меҳмонларга  Фармагентликнинг асосий вазифаларидан бири бўлмиш фармацевтика соҳасини ривожлантириш эканлини айтиб ўтди ва Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги инвестицион жозибадорлиги тўғрисида маълумот берди. Хусусан, фармацевтика эркин зоналари ва кластерларида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдаги афзалликларга алоҳида эътибор қаратди.

Ўз навбатида, Avantika Medex компанияси раҳбари жаноб Лалбабу Сингх йиғилганларни компания фаолияти билан таништирди ва корхона кўп йиллар давомида дори-дармонларни ишлаб чиқариш бўйича Ҳиндистон бозорида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келаётганини ва фармацевтика маҳсулотларини сотишда етарлича тажрибага эга эканлигини таъкидлади.

Маълумки, бу йил Тошкент вилоятида Tashkent Pharma Park фармацевтика кластерини қуриш бўйича улкан лойиҳани амалга оширишга киришилди. Учрашувда иштирок этган Tashkent Pharma Park кластери директори в.б. Санжар Бабаджанов меҳмонларга фармацевтика кластери иштирокчилари учун яратилган шароит ва имтиёзлар тўғрисида маълумот берди.

“Ўзбекистондаги қулай сармоявий муҳитни ҳисобга олган ҳолда, Avantika Medex талаб қилинадиган импорт ўрнини босувчи дори воситалари ишлаб чиқариш лойиҳасини маҳаллийлаштириш ниятида. Сармоянинг тахминий ҳажми 10 миллион AҚШ долларини ташкил этади”, дея қизиқиш билдирди жаноб Лалбабу Сингх.

Музокаралар якунида компания вакиллари ушбу лойиҳа учун жойни танлаш ва танишиш учун Tashkent Pharma Park кластери ҳудудига ташриф буюришни режалаштирдилар. Томонлар лойиҳани амалга ошириш учун аниқ чора-тадбирлар юзасидан тармоқ жадвалини ишлаб чиқишга келишиб олдилар. Avantika Medex компанияси вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи давом этмоқда.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech