Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида Испаниянинг “Gedepsa” компанияси вакили билан учрашув бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 3 февраль санасида Испаниянинг “Gedepsa” компанияси директори Александр Пастрана Молеро Агенлик директори Сардор Кариев билан учрашиш учун Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига ташриф буюрди.

Икки томонлама манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва инвестиция ҳамда савдо-саноат алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилган учрашувда Ўзбекистон томонидан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев бошчилигида Агентлик вакиллари ҳамда Испания томонидан “Gedepsa” компанияси директори Александр Пастрана Молеролар қатнашишди.

Даставвал Александр Пастрана Молеро Испаниянинг Кастилья-Ла-Манча университети томонидан узоқ йиллар мобайнида олиб борилган илмий изланишлар натижасида саримсоқ пиёздан «аллицин» моддасини барча шифобахш хусусиятларини сақлаган ҳолда кукун кўринишида ишлаб чиқариш технологиялари тадқиқ этилганини билдирди.

У, шунингдек, ҳозирги кунда мазкур модда асосида инсон соғлиғи учун ўта муҳим бўлган табиий антибиотик вазифасини бажарувчи патентланган биоактив қўшимча ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун хомашё базаси мавжуд бўлган мамлакатлардан ҳамкорлар изланаётганини маълум қилди.

Агентлик директори Сардор Кариев ҳам ўз навбатида юртимизда фармацевтика тармоғида ва халқаро алоқаларни ривожлантириш соҳасида олиб борилган ишлар, шунингдек инвесторлар учун юртимизда яратилган имкониятлар ҳақида маълумот бериб, фармацевтик эркин иқтисодий зоналар, “Tashkent Pharma Park” кластери ва унда амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар ҳақида тақдимот ўтказди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишдан умидвор эканликларини билдиришди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech