Корея биомарказлари билан тажриба ва кадрлар алмашинувига келишиб олинди
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги делегациясининг Корея Республикасига ташрифи доирасида Инчхон эркин иқтисодий зонаси (IFEZ) директори ўринбосари, "Pangyo Techno Valley" саноат зонасини ривожлантириш бўлими раҳбари шунингдек, биотехнология бўлими бошлиғи ва "Gyeonggi Bio Center" биомарказининг ривожланиш гуруҳи раҳбарлари билан музокаралар ўтказилди.
Маълумот учун: "Pangyo Techno Valley" саноат зонаси Корея Республикаси ҳукумати ташаббуси билан 2005 йилда 662 000 м2 майдонда ташкил этилган. Бугунги кунда биотехнологик зонада АКТ, биотехнологиялар ва нанотехнологияларни ривожлантириш бўйича фаолият юритувчи 1622 та компания мавжуд.
"Gyeonggi Bio Center" биомаркази Кёнгидо вилояти раҳбарияти ташаббуси билан 32 000 м2 майдонда 200 7йилда ташкил этилган. Бу марказ биотехнологиялар соҳасидаги инвестиция ва стартап лойиҳаларини амалга оширишга ихтисослашган. Бугунги кунда марказда 24 та корхона фаолият кўрсатмоқда, 50 минг ходим меҳнат қилмоқда, 14 та стартап лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Мазкур ишлаб чиқариш ва илмий-тадқиқот йўналишларининг яратилиш тарихи ҳақида делегация аъзоларига батафсил сўзлаб берилди. Қайд этилишича, улар Корея ҳукумати томонидан тўлиқ субсидияланади. Музокаралар доирасида томонлар ҳамкорликнинг кўплаб истиқболли йўналишларини қайд этдилар.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг илмий-тадқиқот институтлари, Ўзбекистон фармацевтика олий ўқув юртлари ҳамда “Тошкент Фарма Парк” инновацион илмий-ишлаб чиқариш кластери ҳамда "Gyeonggi Bio Center" биомаркази ўртасида тажриба ва кадрлар алмашинувига келишилди. Мазкур компания раҳбарияти Ўзбекистон билан илмий-тадқиқот салоҳиятини ривожлантиришдан манфаатдорлигини билдирган ҳолда Кореянинг биотехнология марказларида ўзбекистонлик олимларни малака оширишларида амалий ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.