Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Kun.uz сайтида эълон қилинган "Кислород концентратори ва ҚҚС: масала Фармацевтика агентлигига бориб тақалмоқда" номли мақола юзасидан РAДДИЯ

Kun.uz сайтида эълон қилинган мақолада, муаллиф Дилшод Абдуқодиров томонидан кислород концентраторлари импортига қўшилган қиймат солиғидан имтиёз қўллаш бўйича ташаббус кўрсатиш ҳуқуқи Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ихтиёрида эканлиги ва бу борада Агентлик бугунги кунда давлат гарданига тушаётган юкни бироз бўлса-да камайтириб, кўплаб инсонларнинг бевақт ўлими олдини олишга эришиш мақсадида қонун ҳужжатларида назарда тутилган рўйхатни қайта кўриб чиқиши мақсадга мувофиқлигини айтиб ўтган.

Шу билан бирга муаллиф ўзи ҳам таъкидлаб ўтганидек, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2019 — 2021 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармони 3-бандига кўра импорт қилишда Солиқ кодексида назарда тутилган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз жорий этилмайдиган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари рўйхати Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан шакллантирилади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда тасдиқланади».

Демакки, муаллиф ўзи ҳам тан олганидек, ушбу Фармонда  Агентликка импорт қилишда Солиқ кодексида назарда тутилган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз жорий этилмайдиган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари рўйхатини шакллантириш вазифаси юклатилган.

Мақолада келтирилган “кислород концентратори” эса тиббий буюм ҳисобланмаслиги сабабли Тиббий буюмлар рўйхати (рўйхат рақами 2809-сон 12.07.2016)га кирмаган. Шу боисдан ҳам, “кислород концентратори” Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 февралдаги “Тайёр дори воситаларининг импортини тартибга солиш тўғрисида”ги 49-сон қарорида қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз жорий этилмайдиган тиббиёт буюмлари рўйхатида ҳам мавжуд эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 31 майдаги “Имтиёзлар ва преференциялар бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3756-сон Қарорининг 2-бандида, шундай тартиб ўрнатилганки, унга кўра “солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар (кейинги ўринларда имтиёзлар деб юритилади) қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан умуман тармоқлар, фаолият соҳалари, ҳудудлар учун берилади, шунингдек, аниқ мақсадга эга бўлиши ҳамда аниқ ижтимоий, иқтисодий ва молиявий натижаларга эришишни таъминлаши зарур;

имтиёзлар беришга, божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўллаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган (импорт қилинадиган) товарлар рўйхатларини тасдиқлашга доир ҳукумат ва идоравий қарорларни қабул қилиш тақиқланади;

божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўллаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган (импорт қилинадиган) товарлар рўйхатлари ва уларга тузатишлар, имтиёзлар бериш тўғрисида қонун ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжати мавжуд бўлган тақдирдагина, имтиёз берилган ташкилот томонидан шакллантирилади, шунингдек, уларнинг комплекс экспертизасини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» давлат унитар корхонасига киритилади;”.

Эслатиб ўтамиз, Коронавирус инфекцияси кенг тарқалишига қарши курашишда мамлакатда дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар тақчиллигининг олдини олиш, шунингдек фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш ҳамда коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 июлдаги 449-сон Қарорига мувофиқ, 2020 йил 1 октябрга қадар бўлган муддатда, 84 турдаги тиббий буюмлар ва тиббий техникалар шу жумладан кислород концентраторлар, пулс оксиметрлари ҳамда 46 турдаги дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар импорт қилинганда ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқарилганда давлат рўйхатидан ўтказилмасдан (амалдаги қонунчиликка кўра, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Давлат маркази томонидан дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги ариза 155 кун муддатда кўриб чиқилиши белгиланган) ва мажбурий сертификатлаштирилмасдан божхона расмийлаштирувини амалга ошириш (импорт қилинганда) ва реализация қилишига рухсат берилган.

Мухтасар қилиб айтганда, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги халқимиз саломатлиги йўлида қонунчиликда белгиланган тартибда ўз ваколати доирасида ҳамиша ёрдамга тайёр эканлигини билдиради.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech