Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

“Kusum Uzbekistan” ва Агентлик ҳамда “Tashkent Pharma Park” ўртасида уч томонлама келишув имзоланди

Жорий йилнинг 17 февраль санасида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида “Kusum Uzbekistan” МЧЖ, агентлик ҳамда “Tashkent Pharma Park” ўртасида уч томонлама келишув имзоланди.

100 дан ортиқ брендлар остида ишлаб чиқарилувчи маҳсулоти гинекология, кардиология, эндокринология, неврология, гастроэнтерология ва бошқа кўплаб соҳаларда қўлланиб келаётган “Kusum Uzbekistan” МЧЖ Тошкент вилояти Зангиота туманида қад ростлаётган “Tashkent Pharm Park” кластерининг саноат зонасида дори воcиталарини ишлаб чиқаришга мўлжалланган фармацевтика заводини қуришни кўзламоқда.

Ушбу лойиҳа доирасида неврологик касалликларни даволаш, турли хасталиклар боис юзага келувчи оғриқ синдроми, яллиғланиш жараёнларини бартараф этишга қаратилган таблетка шаклидаги дори воситаларини, иммун тизими ишини яхшиловчи, витамин ва микроэлементлар ўрнини тўлдирувчи препаратларни ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

Суммаси 10 миллион АҚШ долларига тенг бўлган уч томонлама инвестиция келишуви Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан – директор Сардор Кариев, “Tashkent Pharma Park” дирекцияси томонидан – директор Санжар Бобожонов ва “Kusum Uzbekistan” номидан –директор Фируз Насриевлар томонидан имзоланди.

Маълумот учун, 1997 йилда фаолиятини бошлаган Kusum Healthcare Pvt Ltd. тўртта замонавий ишлаб чиқариш бўлинмаларига эга бўлган тўлиқ интеграциялашган фармацевтика гуруҳи бўлиб, “Kusum” компаниялар жамоаси таркибига киради. Барча ишлаб чиқариш қувватлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг GMP сертификатига эга.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech