Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида фармацевтика маҳсулотларини кафолатли харид қилиш механизмлари муҳокама қилинди
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги стратегик ривожлантириш масалалари бўйича директор маслаҳатчиси Х.Ғаниева бошчилигидаги делегация Озарбайжон давлатида бўлиб, ушбу мамлакат Иқтисодий ҳудудларни ривожлантириш агентлиги раиси ўринбосари Элкияр Зиядов билан учрашди.
Унда Ўзбекистоннинг – “TSMT”, “Baxtteks”, “ASTESS Atramatik Steril Jarrohlik Iplari”, “Zamin Bio Health”, “ Pharm”, “Shifokor-82 Fe” каби ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари ҳам иштирок этди.
Музокаралар давомида Х.Ғаниева Озарбайжон томонини агентлик ва Ўзбекистон фармацевтика ишлаб чиқарувчиларининг фаолияти билан таништирди.
Озарбайжон вакиллари Ўзбекистон томонига ўз агентлиги, ташкилий ва инфратузилмавий таъминот, молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари, рўйхатга олиш тартиблари, ҳар бир саноат паркининг имтиёзлари ҳақида маълумот берди.
Йиғилиш доирасида Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари ўз тақдимотини ўтказиб, маҳсулот намуналарини намойиш этди.
Бундан ташқари, Озарбайжон Иқтисодий ҳудудларни ривожлантириш агентлиги вакиллари Ўзбекистоннинг “Pirallahi“ саноат парки ҳудуди ва резиденти “Diamed Co” МЧЖ – шприц ишлаб чиқарувчи корхонаси билан танишди. Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш корхоналарини Озарбайжон ҳудудига жалб этиш имкониятлари билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Озарбайжон Республикасининг “Azpromo” экспорт ва инвестицияларни қўллаб-қувватлаш агентлиги келгусида кўриб чиқилиши учун имтиёз ва преференциялар тўғрисида маълумот берди, шунингдек, Озарбайжон Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва Озарбайжон инвестиция фонди билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Бу ташкилотларнинг кўмаги Ўзбекистон компанияларининг Озарбайжон бозорига муваффақиятли кириб келиши ва ривожланишини таъминлаши, тажриба ва билим алмашишига кўмаклашиши мумкин.
Бундан ташқари, Озарбайжон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг фармацевтика ва тиббий асбоб-ускуналар бошқармаси Озарбайжон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тажрибаси ва малакаси асосида ҳамкорликка тайёрлигини билдирди. Бу йўналишда фармацевтика маҳсулотларини кафолатли харид қилиш механизмлари муҳокама қилинди ва ўзаро ахборот орқали қўллаб-қувватлаш ҳақида келишувга эришилди.