Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Миср Араб Республикасига олий даражадаги ташриф муносабати билан агентлик раҳбарияти мазкур давлатда бўлиб қайтди

Жорий йилнинг 14-21 февраль кунлари Мисрга келган Агентлик делегацияси дастлаб “FPi Future Pharmaceutical Industries” заводини бориб кўрди. Мисрдаги энг йирик 10 та фармацевтика ишлаб чиқарувчилари сафига кирувчи мазкур завод бош бошқарувчиси доктор Ахмед Самир ва экспорт менеджери Тахир Абулхиер билан бўлган музокаралар давомида араб томони ҳамкорлик борасида бир қанча таклифлар берди. Бу таклифлардан бири дастлаб маҳсулотларини Ўзбекистонга экспорт қилиб, бозорни ўрганишни, сўнгра технология трансферини амалга оширишни ва ниҳоят етарлича маҳсулотлар рўйхатдан ўтказилгандан сўнг, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга ўтишни назарда тутади.

19 февраль куни бўлиб ўтган Ўзбекистон-Миср бизнес-форумида томонлар ўртасида Англашув меморандумини имзоланди.

Маълумот учун: 2011 йилдан бери Миср бозорида мавжуд бўлган “FPi Future Pharmaceutical Industries” компанияси юрак қон томир хасталиклари, қандли диабетни даволовчи препаратлар, оғриқ қолдирувчи дорилар, антибиотиклар, антипиретиклар, витаминлар, биологик фаол қўшимчаларни таблетка ва капсулалар кўринишида ишлаб чиқаради.

Ташриф чоғи яна Миср фармацевтика бозорининг 20 фоизи тегишли бўлган “ACDIMA” инвестицион корпорацияси раҳбари доктор Олфат Мостафа хоним, холдинг таркибига кирувчи “EIPICO” компанияси бошқарув директори доктор Ахмед Келани ҳамда “Medical Union Pharmaceuticals” бошқарув директори доктор Ахмед Лила билан учрашув ўтказилди. Ҳамда ACDIMA нинг онкологияга оид (MUP), инсулин (SEDICO) ва бошқа дори маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи (EIPICO) 3 та заводига ташриф уюштирилди.

“ACDIMA” билан умумий қиймати 5,0 млн АҚШ доллари бўлган тайёр дори воситалари ишлаб чиқариш лойиҳасини Тошкент вилояти ҳудудида амалга ошириш тўғрисида келишув муҳокама қилинди.

Маълумот учун: Мисрнинг соғлиқни сақлаш соҳаларига ихтисослашган “ACDIMA” инвестицион корпорацияси таркибидаги 16 та компания жами 36 хил терапевтик гуруҳда 1100 хил маҳсулот ишлаб чиқаради. Бу компаниялардан 10 таси фарммаҳсулот ишлаб чиқариб, EIPICO – 30 та, MUP – 9 та маҳсулотини Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказган.

Ташриф давомида, шунингдек, Мисрдаги энг йирик фармацевтика  маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи хусусий компаниялардан бири бўлган “Pharco Corporation” экспорт директори Рафик Адел билан учрашув бўлиб ўтди. Ҳамда Ўзбекистон-Миср бизнес-форуми доирасида компания раҳбари билан ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди.

Маълумот учун: “Pharco Corporation” компанияси 7 та заводида ишлаб чиқарувчи маҳсулотларини 52 та мамлакатга экспорт қилади. 20 дан ортиқ терапевтик гуруҳда ишлаб чиқарувчи 450 хил маҳсулотининг 8 таси Ўзбекистонда рўйҳатдан ўтказилган.

Мисрдаги ягона биофармацевтика ишлаб чиқариш компанияси бўлган “Minapharm Pharmaceuticals” стратегик ҳамкорлик бўйича директори билан ҳам учрашув ташкиллаштирилди. Ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокамасидан сўнг Европадан келтирилган замонавий техника билан жиҳозланган ишлаб чиқариш заводи кўздан кечирилди.

Маълумот учун: Minapharm кичик молекулалардан биоинженерланган оқсилларгача бўлган дори-дармонларни ишлаб чиқаради ва тижоратлаштиради, шунингдек, оқсил ишлаб чиқариш ва ҳужайра&ген терапияси соҳасидаги илғор технологияларни ишлаб чиқади ва лицензиялайди. Миср ва Германияда ишлаб чиқариш заводларига эга. Шўъба корхоналари: Minapharm  Probiogen (Қоҳира), Probiogen AG (Берлин).

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech