Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида агентлик директорининг ахбороти эшитилди.

Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида фармацевтика тармоғини ривожлантиришга оид вазифалар ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати юзасидан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директорининг ахбороти эшитилди.

Мажлисда сенаторлар, эксперт гуруҳи аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари тегишли доимий комиссия раислари, вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб мажлисда фармацевтика тармоғини ривожлантиришга оид вазифалар ижроси юзасидан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директорининг ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда фармацевтика фаолияти билан шуғулланувчи жами 204 та корхона фаолият юритмоқда. Шунингдек, доривор ўсимликлар ва биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқарувчи 276 та корхона мавжуд.

Фармацевтика (дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника ишлаб чиқарувчи) корхоналари томонидан 3922 турдаги маҳсулотлар тайёрланяпти. Хусусан, 3290 турдаги дори воситалари, 468 турдаги тиббий буюмлар, 84 турдаги тиббий техникалар ҳамда 80 турдаги субстансиялар ишлаб чиқарилмоқда.

Республикада фаолият юритувчи жами 82 та корхонадан 40 тасида (GMP) талаблари, 500 дан ортиқ улгуржи ташкилотларнинг 151 тасида GDP талаблари жорий этилди. Шунингдек, 1 та лабораторияда GLP талаби, 1 та сақлаш омборхонасига GSP ҳамда 1 та дорихонада GPP талаби жорий этилди.

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги туташ ҳудуддан қўшимча 80 гектар ер майдонини ажратиш ҳисобига “Ташкент Пҳарма Парк” фармацевтика кластерининг саноат ҳудуди кенгайтирилди.

Бугунги кунда фармацевтика саноати бўйича 5 та (“Бўстонлиқ фарм”, “Паркент-фарм”, “Андижон-фарм”, “Косонсой-фарм” ва “Зомин-фарм”) эркин иқтисодий зонаси фаолият юритмоқда.

Муҳокамалар жараёнида сенаторлар фармацевтика соҳасида янги ишлаб чиқарувчи корхоналар, улгуржи ва чакана савдо ташкилотлари мос равишда “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP)”, “Зарур дистрибюторлик амалиёти (GDP)” ва “Зарур фармацевтика (дорихона) амалиёти (GPP)” талабларига мувофиқ равишда ташкил этилмаганлигига эътибор қаратдилар.

Мажлисда дори воситалари хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш мақсадида дори воситаларини улгуржи (GDP) ва чакана (GPP) реализация қилувчи ташкилотларга зарур амалиёт стандартларини жорий этиш ишларини тизимли йўлга қўйиш, дорихоналар фаолиятини халқаро талаблар асосида ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 21-январдаги Фармони билан тасдиқланган 2022–2026-йилларда фармацевтика тармоғини яна-да ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”да белгиланган айрим вазифалар тўлиқ бажарилмаганлиги сенаторлар томонидан танқид остига олинди.

Тўлиқ бажарилмаган вазифаларни қисқа муддатда бажариш бўйича масъул вазирлик ва идоралар вакилларининг таклифлари асосида чора-тадбирлар белгилашга келишиб олинди. Бундан ташқари, асосий дори воситалари рўйхатини дорилар рўйхати, тасдиқланган клиник баённомалар, тавсиялар ва даволаш стандартларидаги тақдим этилган дори воситалари рўйхати билан мувофиқлаштириш юзасидан амалий таклифлар берилди.

Бундан ташқари, даволаш-профилактика муассасалари, дорихоналар ҳамда дори воситаларини ишлаб чиқарувчи, реализация қилувчи ва қўлловчи ташкилотлар томонидан дори воситаларининг қўлланилиши чоғида ножўя реакциялар аниқланган барча ҳолатлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигини хабардор қилиш амалиётини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, мажлисда Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари ҳамда “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси раҳбарларининг дори воситалари ва тиббий буюмларнинг хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш соҳасидаги ахборотлари ҳам тингланди.

Ўтказилган ўрганиш ва муҳокамалар якуни бўйича Қўмитанинг фармацевтика тармоғини ривожлантиришга оид таклифлари акс этган тегишли қарори қабул қилинди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech