Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Озарбайжонда маҳаллий фармацевтика маҳсулотларимизни рўйхатдан ўтказиш масалалари муҳокама қилинди

Aгентлик вакилларининг Озарбайжонда учрашувлари давомида Озарбайжон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги фармацевтика маҳсулотларини рўйхатга олиш билан шуғулланувчи Aналитик экспертиза марказига ҳам ташриф уюштирилди.

Марказ раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда томонлар мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дори воситаларини Озарбайжонда рўйхатдан ўтказиш имкониятларини муҳокама қилдилар. Хусусан, айни пайтда Марказда 20 дан ортиқ мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дори воситалари рўйхатга олингани, 11 та дори воситаси рўйхатдан ўтиш босқичида экани маълум қилинди.

Томонлар мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дори воситаларини белгиланган тартибда Марказда рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича келишиб олдилар. Шунингдек, маҳаллий фармацевтика компанияларига Озарбайжон бозорига киришда кўмаклашиш мақсадида Aгентлик ва Марказ ўртасида Ўзбекистон дори воситаларини Озарбайжонда рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларининг бориши тўғрисида доимий асосда ахборот алмашинувини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, ташриф давомида Озарбайжондаги фармацевтика компаниялари билан B2B учрашувлари ташкил этилди. Унинг доирасида Озарбайжоннинг доривор ва ўсимлик хомашёси асосидаги биологик фаол қўшимчаларини йирик ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган “Herba Flora” компанияси билан музокаралар олиб борилди.

Музокаралар натижасида корхона хомашёнинг 70 фоизини хориждан сотиб олиши муносабати билан Aгентлик томонидан Ўзбекистонда етиштириладиган доривор ва ўсимлик хомашёсини етказиб беришни ташкил этиш таклифи билдирилди. Томонлар компанияга зарур бўлган хомашё рўйхатини Ўзбекистон томонига жўнатиш, Ўзбекистон хомашё базасига эга бўлган позицияларни аниқлаш, доривор ва ўсимлик хомашёсини экспорт қилишни ташкил етиш бўйича келгусида маҳаллий компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олдилар.

Бундан ташқари, Aгентлик томонидан Озарбайжондаги фармацевтика маҳсулотлари дистрибюторлари, 10 дан ортиқ фармацевтика компаниялари вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, уларга фармацевтика маҳсулотларини экспорт қилувчи мамлакатимиз корхоналари тўғрисида батафсил маълумотлар акс эттирилган тарқатма материаллар тақдим этилди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech