Ўзбекистон Фармацевтика соҳасида Жанубий Корея билан ҳамкорликни кучайтирмоқда.
Ўзбекистон Фармацевтика соҳасида Жанубий Корея билан ҳамкорликни кучайтирмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори А.Азизов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Жанубий Кореяда хизмат сафарида бўлиб қайтди. Сафар давомида Кореянинг Халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси президенти Ha Il-Soo билан учрашди. Учрашув давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича ҳамкорлик ишларини олиб боришга келишилди.
Хусусан, Корея томони Фармацевтика Техника университети ходимларининг 2025-2026 ва ундан кейинги ўқув йилида грант дастурлари асосида бакалавриат, магистратура ҳамда аспирантурада ўқиб келишини таъминлаш борасида ҳамкорлик қилиш истагини билдирди.
Шу билан бирга, “Tashkent Pharma Park” кластери ҳудудида ташкил этилаётган вивариум, клиник олди синовлар маркази ҳамда илмий-тадқиқот марказларини KOFIH жамғармаси билан ҳамкорликда грант дастури асосида жиҳозлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Маълумот учун: Корея Халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси (KOFIH) Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазирлиги қошидаги ташкилот ҳисобланади. Жамғарма фаолияти cоғлиқни сақлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга йўналтирилган бўлиб, у хорижий мамлакатларда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш бўйича грант лойиҳаларини илгари суради.