Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Ўзбекистон – Озарбайжон: Фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликнинг янги босқичида

Жорий йилнинг 18 июнь санасида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Озарбайжон Республикасига ташриф буюрди.

Ташрифи доирасида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги вакиллари Абшерон ярим оролида жойлашган Пираллахи саноат паркига ташриф буюрди.

Ташрифдан кўзланган мақсад фақат фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун мўлжалланган, алоҳида имтиёзли шартларга эга иқтисодий зона фаолиятини ўрганишдан иборат.

Мазкур ташриф давомида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Улуғбек Эгамов Озарбайжон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг Иқтисодий ҳудудларни ривожлантириш агентлиги вакиллари билан дори воситалари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борди.

Музокаралар давомида Озарбайжон томони ҳам лойиҳани амалга оширишдан манфаатдор эканликларини билдириб, Пираллаҳи саноат парки ҳудудида жойлашган «R-Pharm» ва «Diamed» компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ўз таклифларини билдиришди.

Учрашув якунида Фармагентлик вакиллари «Diamed» ва «R-Pharm» фармацевтика компаниялари фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида ушбу заводларга ташриф буюришди.

Таъкидлаш жоиз юқоридаги ҳамкорлик лойиҳасини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон фармацевтика корхоналари бир қатор имкониятларга эга бўлади.

Жумладан:
- маҳсулотларни Озарбайжонга божхона солиқлари ва ҚҚС ундирмаган ҳолда олиб кириш;
- дори воситаларини давлат харидларида иштирок этишда имтиёзлар (маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга устунлик берилади);
- Озарбайжон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Аналитик экспертиза марказида дори воситаларини жадал рўйхатга олишни амалга ошириш;
- иқтисодий зоналар резидентларига бериладиган имтиёзларни олиш;
- Озарбайжон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Экспортни ривожлантириш жамғармаси ва Иқтисодиёт вазирлигининг бошқа бўйсунувчи ташкилотлари ҳисобидан маҳсулот экспорт қилиш учун қўшимча имкониятлар олиш, Озарбайжонда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech