Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

“Ўзбекистон Республикасида қон препаратларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш” лойиҳасини ишга тушириш бўйича музокара олиб борилди

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида Хитойнинг “XINDEYUAN BIOENGINEERING” компанияси раҳбарияти ва вакиллари иштирокида Ўзбекистонда “Қон препаратларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича музокаралар бўлиб ўтди. Жорий йил Самарқанд вилоятида ташкил этилган Форум доирасида “XINDEYUAN BIOENGINEERING” компанияси вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюриб, Самарқанд вилояти ҳокими ҳамда Соғлиқни сақлаш вазири билан лойиҳани амалга ошириш юзасидан музокара ўтказди.Самарқанд вилоятида ўтказилган музокаралар давомида лойиҳани Самарқанд вилояти Жомбой туманида жойлашган “Ургут” ЭИЗ ҳудудида
15 гектар ер майдонида амалга ошириш бўйича келишувларга эришилган.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан вазирликдан соҳа мутахассислари, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги масъуллари иштирокида Ишчи гуруҳ шакллантириш ва “XINDEYUAN BIOENGINEERING” компаниясининг қон препаратларини ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишиш учун Хитой давлатига хизмат сафарини ташкил этиш таклифи билдирилди.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида бўлиб ўтган учрашув давомида хитойлик вакиллар томонидан 2023 йил июль ойида “XINDEYUAN BIOENGINEERING” компаниясининг техник ходимларидан иборат ишчи гуруҳининг Ўзбекистонга ташрифи режалаштирилганлиги, лойиҳани амалга ошириш мақсадида лойиҳа олди ҳужжатларини тайёрлаш ишлари олиб борилиши (6-8 ой муддат талаб этилади) маълум қилинди. Учрашув давомида, компания томонидан лойиҳани 4 йил давомида тўлиқ ишга тушириш, шундан 3 йил давомида ҳудудларда қон плазмасини йиғиш марказлари ҳамда ундан тайёр дори воситаларини ишлаб чиқариш комплексини ташкил этиш, келгуси 1 йил давомида корхонани ишга тушиши учун зарур бўлган лицензияни олиш талаблари ва шартларини бажариш, дори воситаларини белгиланган тартибда давлат руйхатидан ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни амалга ошириш маълум қилинди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 250 млн. АҚШ доллари миқдорида белгиланган бўлиб, шундан 50 млн. АҚШ доллари қон плазмасини йиғиш марказларини ташкил қилиш ва 200 млн. АҚШ доллари ишлаб чиқариш корхонасини қуриш учун йўналтирилади. Лойиҳани молиялаштириш “XINDEYUAN BIOENGINEERING” компанияси маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши таъкидланди.

Лойиҳа ишга туширилиши натижасида, биринчи навбатда республиканинг ички эхтиёжи тўлиқ таъминлангандан сўнг, Ўрта Осиё, МДҲ ва Европа давлатларига экспорт қилиш кутилмоқда.
Компания вакилининг маълум қилишича Самарқанд вилоятида ташкил этилиши режалаштирилган қон қуйиш маркази иш фаолиятини ривожлантириш мақсадида қон плазмасини ажратиш учун тиббий жиҳозлар беғараз ажратилиши ва ундан фойдаланиш учун марказ ходимлари малакасини ошириш йўлга қўйилиши маълум қилинди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech