Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Ўзбекистон ва Исроил ўртасида фармацевтика соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўллари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 6 июль санасида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида Ўзбекистоннинг Исроилдаги фахрий консули Цви Сари хоним билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Исроилнинг йирик компаниялари билан янги сармоявий лойиҳалар яратиш ҳамда юртимиздаги дорихоналарнинг дори воситалари чакана савдоси фаолиятида Исроил назорат тартиби тажрибасини ўрганиш масалалари хусусида сўз юритилди.

Учрашув давомида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директорининг ўринбосари Жамшид Эшмурадов Ўзбекистон ва Исроил ўртасида фармацевтика соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни мутаҳкамлаш, Исроилнинг етакчи фармацевтика компанияларини Ўзбекистонга жалб қилишда ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз билан биргаликда пудрат ишлаб чиқаришни амалга оширишни йўлга қўйишда Агентлик ўз ваколати доирасида ёрдамга тайёрлиги таъкидлади.

Шунингдек, фахрий консул Цви Сари хоним Исроилнинг “Teva Pharmaceuticals” ва “UniPharm” компаниялари вакиллари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича онлайн музокаралар ташкил этишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни кенгайтириш нуқтаи назаридан доимий асосда ахборот алмашишга келишиб олдилар.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28-29 июн кунлари Исроилда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва ўзбек фармкомпаниялари вакилларидан иборат делегация вакиллари Ўзбекистон — Исроил бизнес форуми доирасида бир қатор учрашувларда иштирок этишганди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech