Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Ўзбекистон ва Тожикистон: фармацевтика соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

Ўзбек ва тожик халқларини умумий тарих, маданият ва маънавий қадриятлар, ўзаро ҳурмат ҳамда яхши қўшничиликнинг кўп асрлик анъаналари бирлаштириб туради. Бу яқинлик Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги муносабатлар учун мустаҳкам замин, асосий тамойил бўлиб хизмат қилади.

Жорий йилнинг 28 апрель санасида Тожикистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Азиз Раҳмонзода Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига ташриф буюрди.

Агентлик директори Сардор Кариев билан кечган учрашувда фармацевтика соҳасида ўзаро ҳамкролик алоқаларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалари муҳокама қилинди.

Учрашув аввалида томонлар ўртасидаги кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва стратегик шерикликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича икки мамлакат президентлари томонидан амалга оширилаётган ишлар алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Мулоқот давомида Тожикистон ҳудудида ҳамкорликда дори воситалари ва тиббий буюм-тиббий техникалар ишлаб чиқаришнинг янги қувватларини яратиш ва мазкур фаолиятни йўлга қўйиш учун мақбул ҳудудларни аниқлаш, мамлакатларимиз ўртасида фармацевтик маҳсулотлар айланмаси учун кенг тармоқли транспорт коридорини яратиш бўйича таклифлар билдирилиб, ўзаро фикр алмашилди.

Учрашув якунида элчи Абдужаббор Азиз Раҳмонзода қабул учун Сардор Кариевга миннатдорчилик билдириб, юқоридаги масалалар юзасидан аниқ режалар тузиш ва корхона барпо этиладиган ҳудудни ўрганиш учун Агентлик вакилларини Тожикистонга таклиф қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 22-30 август кунлари Тожикистон фармацевтика тармоғи регулятор органлари вакилларидан иборат делегация Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. Мазкур ташриф давомида Тожикистон делегацияси Ўзбекистоннинг фармацевтика тармоғи имкониятлари билан яқиндан танишганди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech