Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Ўзбекистонда дорихоналар ростдан ҳам кўп-ми? Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги мавзу юзасидан муносабатини билдирди

Ижтимоий тармоқларда қозоғистонлик аёл пойтахтимиздаги дорихоналарни кўриб, ҳайратга тушгани акс этган видео тарқалди ва бу муҳокамаларга сабаб бўлди. Kun.uz мавзу юзасидан кичик ижтимоий сўров ўтказди.

Мазкур сўровнома юзасидан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги қуйидагиларни билдиради.

Хўш, Ўзбекистонда дорихоналар ростдан ҳам кўп-ми?

Аввало қонунчиликка мувофиқ, дорихонага дори воситаларини чакана реализация қилувчи объект сифатида эътибор қаратишимиз лозим. Юртимиздаги дорихоналар сонини аҳоли жон бошига тақсимлаган ҳолда ривожланган давлатларга қиёсласак, кўрсаткич уларники билан деярли тенг ҳолатда.

Бир ҳудудда дорихоналар жойлашуви бўйича кўплигининг яхши томонии - бу рақобатни кучайтиради, нархларнинг тушишига сабаб бўлади. Чунки аҳолини биринчи навбатда дори воситаларнинг нархлари ўйлантиради. Четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилади.

Таъкидлаш жоизки, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан маҳаллий ва хорижий дори воситаларига нисбатан референт нарх шакллантириш тизими йўлга қўйилган бўлиб, унга кўра: дори шакли, қадоқдаги сони, дозаси, концентрацияси, ҳажми ва қадоқланишини ҳисобга олган ҳолда дори воситаларининг ҳар бир савдо номи учун қайд этилган чекланган нархлар ва уларга чекланган савдо устамаларини қўллаш йўли билан ҳисобланган улгуржи ва чакана нархларнинг электрон (онлайн) реестри юритилмоқда.

Ушбу соҳадаги яна бир янгилик шундан иборатки, аҳоли ва тиббиёт ташкилотларининг сифатли дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар билан таъминланганлик даражасини ошириш, соҳада таъсирчан жамоатчилик назоратини олиб бориш учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, 2022 йил 18 март куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан «Тиббиётдаги ислоҳотлар — инсон қадри учун» мавзусидаги очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, 2022 йилнинг 26 октябрь куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан Аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори имзоланди.

Унга кўра, 2023 йил 1 майдан бошлаб:

- жисмоний шахслар томонидан дорихоналардан сотиб олинган дорилар учун бериладиган харид чеки солиқ органларининг махсус мобиль иловасида рўйхатдан ўтказилганда унинг нархи Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ахборот тизимидаги дориларнинг чакана референт нархлари билан автоматик тарзда солиштирилади;

- дориларнинг чакана нархига белгиланган устамалар ошириб қўлланилганлиги аниқланганда, тегишли чора кўриш учун бу ҳақида тегишли монополияга қарши курашиш органига хабар юборилади;

- харид чеки бўйича нарх дорининг чакана референт нархидан ортиқ деб топилганда, ушбу маълумот асосида ўтказилган текшириш якунига кўра ҳуқуқбузардан белгиланган тартибда жарима ундирилади.

Бундан ташқари, беморларни шифохонада дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш тажрибаси йўлга қўйилиб, ушбу амалиёт даставвал республика даражасидаги шифохоналарда 2023 йил давомида тажриба-синов тариқасида амалга оширилади. Уларга харажатлар сметаси бўйича ажратилиши кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан кафолатланган тиббий хизматлар ва дори воситалари пакети доирасида харид қилинадиган дори воситалари ва тиббий буюмлар бепул, қолган ҳолларда пуллик асосда шифохонага кирим қилинган нархларда амалга оширилади. Бунда, шифохона томонидан харид қилинадиган дори воситаларининг нархи белгиланган улгуржи референт нархларидан юқори бўлмаслиги талаб этилади.

Мазкур чора-тадбирлар аҳоли ва тиббиёт ташкилотларини сифатли дори воситалари билан таъминлаш тизимини янаям такомиллаштиришга, дори воситаларини ишлаб чиқариш ва сотиш жараёнларини халқаро меъёр талабларига мувофиқлигини таъминлашга, ва, пировардида, халқимиз саломатлигини яхшилашга хизмат қилади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech