Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Озишда ёрдам бериши айтилаётган “FATZORB PLUS Natural Fat&Carbo Binder” маҳсулоти юзасидан расмий баёнот

Ортиқча семизлик инсон саломатлиги учун салбий таъсир кўрсатибгина қолмай, вақтида олди олинмаса оғир оқибатларга олиб келиши шифокорлар томонидан таъкидлаб келинади. Ҳозирги вақтда семизлик ҳар қандай ёшда кузатиладиган сурункали метаболик касаллик ҳисобланиб, тана вазнининг асосан ёғ тўқималари ҳисобига ортиши сифатида намоён бўлади.

Ортиқча вазндан қутилиш, чиройли қоматга эга бўлиш учун бир қанча тавсиялар, соғлом турмуш тарзи нормалари шунингдек тўғри овқатланиш қоидалари ишлаб чиқилган бўлишига қарамай, айримлар осон ва тез озиш учун самараси исботланмаган турли таблеткалар, биологик фаол қўшимчалар қабул қилиш эвазига ўз саломатлигига путур етказмоқда.

ССВ ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги “Cемириш, ҳомиладорликдан кейинги семириш ва қорин осилишлари, ортиқча овқатланиш, гармонал бузилишлар рўй берганда ортиқча вазн билан курашишнинг энг хавфсиз ва самарали воситаларидан бири” дея интернет тамоқларида сотилаётган “FATZORB PLUS Natural Fat&Carbo Binder” маҳсулотидан огоҳ бўлишга чақиради!!!

Таркиби 100% табиий гиёҳлардан тайёрланган, организмга ҳеч қандай зарари йўқ маҳсулотлиги айтилиб сотилаётган ушбу маҳсулот таркибида кучли таъсир қилувчи сибутрамин (!) моддаси борлигини билаcизми?

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ноқонуний йўллар билан кириб келган ва ашёвий далил сифатида олинган “FATZORB PLUS Natural Fat&Carbo Binder” маҳсулоти таркибида (Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази хулосасига кўра) сибутрамин моддаси мавжудлиги аниқланган.

Юқоридаги ҳолат бўйича Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг “FATZORB PLUS Natural Fat&Carbo Binder” маҳсулотининг таркиби ва миқдорини қайта экспертизадан ўтказиш мақсадида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига (Республика суд экспертизаси маркази хулосаси илова қилинган ҳолда) йўллаган мурожаатига мувофиқ, Агентлик ҳузуридаги Давлат марказида қайта лаборатория таҳлиллари амалга оширилди.

Давлат марказининг Дори воситалари сифатини назорат қилиш ва стандартлаштириш лабораторияси эксперти хулосасидаги маълумотга кўра, капсулаларда сибутрамин гидрохлорид моногидрат моддаси борлиги аниқланди.

Таъкидлаш жоиз, сибутрамин Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш тўғрисида”ги 818-сон қарори (https://lex.uz/uz/docs/4532164) билан тасдиқланган Кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган. Лекин таркибида сибутрамин моддаси мавжуд бўлган “FATZORB PLUS Natural Fat&Carbo Binder” маҳсулоти дори воситаси сифатида Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилмаган. Шунингдек бу маҳсулот ССВнинг Хавфсизлик параметрлари бўйича экспертизадан ўтказилган биологик-актив озуқа қўшимчалари (БФҚ) рўйхатида ҳам мавжуд эмас!

Амалдаги тартибга кўра, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун қонунчилигимизда маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

ССВ ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг “FATZORB PLUS Natural Fat&Carbo Binder” маҳсулотининг таркиби ва миқдорини экспертизадан ўтказиш мақсадида йўллаган мурожаатига жавобан тегишли экпертиза хулосаларини тақдим қилганлигини маълум қилади.

Ҳурматли юртдошлар, ўз саломатлигингизга беэътибор бўлманг!

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech