Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Пойтахтимиздаги "Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида илк бор Халқаро фармацевтика форуми бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Хорижий фармацевтика компаниялари ва ишлаб чиқарувчилари ваколатхоналарининг Ўзбекистондаги Ассоциацияси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур нуфузли анжуман фармацевтика маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш, йирик хорижий компаниялар билан ҳамкорликда юқори салоҳиятли лойиҳаларни йўлга қўйиш мақсадларини кўзлайди.

Айтиш жоиз, тадбир халқаро ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, тартибга солувчилар, дистрибьюторлар, дорихоналар тармоқлари ва бозор экспертлари ўртасида илғор тажриба ва амалиёт, инновацион усул ва технология алмашинуви учун минтақавий майдонга айланди.

Форум иштирокчиларига мамлакатимиз фармацевтика соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ҳақида батафсил сўзлаб берилди.

Маълумотга кўра, 2020 йил 1,6 миллиард долларни ташкил этган Ўзбекистон фармацевтика бозори қиймати бир йил ўтиб, қарийб, 1,7 миллиард долларга кўтарилди, дори истеъмоли жон бошига йиллик ўртача 37 доллардан 50 долларга етди. Ҳозир республикамизда жами 221 фармацевтика маҳсулоти ишлаб чиқарувчи корхона фаолият кўрсатмоқда. Шу билан бирга 616 улгуржи фаолият билан шуғулланадиган ташкилот, 15 минг 790 дори воситаси ва тиббий буюм чакана савдосига ихтисослашган дорихона ва филиаллар мавжуд. 2021 йил мобайнида маҳаллий корхоналар томонидан жами 3,8 триллион сўмлик фармацевтика маҳсулоти тайёрланиб, ишлаб чиқариш ҳажми 2020 йилга нисбатан 29 фоиз ўсган.

Учрашувда Ўзбекистон фармацевтика тармоғини ривожлантириш, сармоявий имкониятни кенгайтириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, қўшма корхоналар ташкил этиш масалалари муҳокама этилди.

Шунингдек, ҳамкорлар, хорижий бизнес вакиллари ва меҳмонларга мамлакатимизда қўллаш учун қулай бўлган аниқ инвестиция лойиҳалари ва кейслар ҳақида маълумот тақдим этилди. Сифатли фармацевтика маҳсулоти ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш борасида фаолияти хорижий бозорга йўналтирилган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишлар тақдимоти ўтказилди.

Сессиялар давомида юртимиздаги соҳага доир жараён ҳақида, иштирокчиларни қизиқтирган саволлар бўйича батафсил маълумот берилди. Кун тартибидан харидга, маркировкалашга доир масалалар ҳам ўрин олди.

- Халқаро ҳамкорларсиз бугун ҳеч бир соҳани ривожлантириб бўлмайди, - дейди Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев. – Халқаро компанияларни мамлакатимизга жалб қилиш ва илғор хорижий тажрибани оммалаштириш учун мана шундай форумлар жуда керак. Зеро, соҳага эътибор, аҳоли сони, дори-дармонга эҳтиёж бир-бирига мос тарзда ортиб боряпти. Қувонарлиси, Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истагидаги компаниялар кўп. Масалан, дунёдаги энг йирик 20 фармацевтика компаниясидан бири – “Big Pharma” мамлакатимизда ўз маҳсулотини маҳаллийлаштирмоқчи. Россия ва Европадан келган бошқа қатор йирик корхона билан ҳам битим имзоланиш арафасида.

Бундан ташқари форум доирасида «Фармбюджет» мавзусида панелли биринчи очиқ сессия ва онкологик ва гематологик касалликлар билан кураш стратегияси тақдимоти намойиш этилди.

Қатнашчилар дори-дармон нархини шакллантириш ва рақамли белгилаш жараёни ҳамда дори воситалари айланмасини мониторинг қилиш тизими ҳақидаги тафсилотларни ҳам билиб олдилар.

- Илк бор ўтказилаёган бўлсада, ушбу анжуманга жиддий тайёргарлик кўрилгани аниқ, - деди Покистониннг “Plus Pharma” стратегияси бўйича маслаҳатчиси Зафар Мирза. – Айнан шу жиҳат юқори натижага эришиш учун замин яратади. Тадбир кўплаб йирик корхоналар, етакчи тадбиркорлар билан тажриба алмашиш, янги халқаро шериклар топиш имконини беради. 

Ўзбекистонда сўнгги йилларда давлат раҳбари ва ҳукумат томонидан фармацевтика тармоғини ривожлантиришга, соҳанинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга алоҳида этибор қаратилаётганидан хабаримиз бор. Хусусан, рақамлаштириш, экспорт салоҳияти ва дори-дармон воситалари тури кўпаймоқда. Яратилаётган қулай имкониятлар биз сингари хорижий инвесторлар диққатини тортяпти.

Тадбирда миллий фармацевтика тармоғига халқаро “GXP” стандартини жорий этиш мавзусига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, экспертлар, мамлакатимиздаги дипломатик корпус, хорижий савдо ваколатхоналари, дорихона тармоғи вакиллари, дистрибьюторлар соҳага доир янгиликларни баҳам кўришди.

Гўзал Сатторова, ЎзА мухбири

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech