Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Қалбакилиги айтилган “МЕР Кардимагнис”, “Нимесул” ва “Йодо-Нарим” дори воситалари ҳақидаги хабарлар юзасидан расмий муносабат

Ижтимоий тармоқларда дорихоналарда ўтказилган тезкор рейдлар натижасида «Йодомарин», «Кардиомагнил» ва «Нимесил» дориларининг қалбаки турлари аниқланганлиги ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда. “МЕР Кардимагнис”, “Нимесул” ва “Йодо-Нарим” дори воситаларининг сифати борасида билдирилган хавотирли фикрлар юзасидан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги қуйидагиларни маълум қилади.

Айтиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 4 январда тасдиқланган "Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида"ги Қонунига кўра:
Дори воситалари, тиббий буюмлари ва тиббий техниканинг тиббиёт амалиётида қўлланилишига, қоида тариқасида, улар давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин рухсат этилади (12-модда);

Маълумот учун: “МЕР Кардимагнис”, “Нимесул” ва “Йодо-Нарим” дори воситалари белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган.

Фармацевтика фаолиятининг дори воситаларини ҳамда тиббий буюмларни ишлаб чиқариш йўналишлари белгиланган тартибда бериладиган лицензия асосида амалга оширилади (15-16-моддалар);

Маълумот учун: “МЕР Кардимагнис”, дори воситасини ишлаб чиқарган «Меrrymed farm» МЧЖ, “Нимесул” дори воситасини ишлаб чиқарган "Dentafill Plyus" МЧЖ, “Йодо-Нарим” дори воситасини ишлаб чиқарган “Malika Laboratories” МЧЖ компаниялари фармацевтик фаолият учун лицензия берилган корхоналар рўйхатида мавжуд.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 январдаги 43-сон қарорига мувофиқ, фармацевтика маҳсулотлари Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги тасдиқланиши мажбурий бўлган маҳсулот ҳисобланиб, “МЕР Кардимагнис”, “Нимесул” ва “Йодо-Нарим” дори воситалари Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази томонидан ўрнатилган тартибда сертификатлаштириш мақсадида синовлардан ўтказилган ва сифатини тасдиқловчи мувофиқлик сертификати расмийлаштирилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги тегишли қонун хужжатларига асосан, “МЕР Кардимагнис”, “Нимесул” ва “Йодо-Нарим” дори воситалари:

➖ Фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш фаолияти учун берилган лицензияга эга корхона томонидан ишлаб чиқарилганлиги;
➖ Белгиланган тартибда Давлат рўйхатидан ўтказилиб “Тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника Давлат реестри”га киритилганлиги;
➖ Аккредитациядан ўтган сертификатлаштириш органлари томонидан тегишли лаборатория синовларидан ўтказилиб, мувофиқлик сертификатига эга бўлган маҳсулот эканлигини ва бу дори воситасининг сифати борасида юртдошларимиз хавотирга тушмасликлари кераклигини билдиради.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech