Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Қашқадарёда фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи илк корхона фаолият бошлади

Хабарингиз бор, Қашқадарё вилояти Қарши туманида жойлашган "TRAST MED-FARM" хусусий корхонаси гален дори воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши ҳақида маълумот берган эдик.
 
Жорий йилнинг 31 август санасида, Қашқадарё вилояти Қарши туманида "TRAST MED-FARM" хусусий корхонаси очилиш маросими бўлиб ўтди. Очилиш маросимида Қарши тумани ҳокими Махсуда Мустафаева, Қашқадарё вилояти фармацевтика тармоғини ривожлантириш бўлинмаси раҳбари Саидқул Холматовлар иштирок этишди.

Қарши тумани ҳокими Махсуда Мустафаева сўзга чиқаркан, йиғилганларни мустақиллигимизнинг 30 йиллиги билан табриклаб, тадбиркорга фаолиятида омад тилади.
- Ушбу корхона дастлабки гален дори воситаларини ишлаб чиқарувчи корхонадир, - деди туман раҳбари. - Ва бу давом этади. Президентимиз таъкидлаганларидек, ишнинг кўзини биладиган, одамларга меҳнат қилиш ва даромад топиш учун шароит яратадиган, ватанпарвар ҳамда фидойи тадбиркорларни биз доимо бошимизга кўтарамиз.
Маълумот учун, "TRAST MED-FARM" хусусий корхонасининг гален дори воситаларини ишлаб чиқариш лойиҳасининг умумий қиймати 3 млрд сўмдан иборат. Ишлаб чиқариш қуввати соатига уч минг дона дори воситаларини ташкил этиб, маҳсулотларнинг 50 фоизи қўшни давлатларга экспорт қилинади. Шунингдек, тўлиқ қувват билан ишга тушган ушбу корхонада 20 та янги ишчи ўрни яратилди.

Таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда мамлакатда фармацевтика тармоғини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратилди ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Қашқадарё вилоятида фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи янги корхона фаолияти йўлга қўйилаётгани мазкур ислоҳотлари натижаси десак муболаға бўлмайди.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech