Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Расмий муносабат! Энди олий тиббий маълумотга эга бўлган мутахассислар ҳам дорихона очишлари мумкинми?

Куни кеча АОКА залида Адлия вазирлиги мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида энди олий тиббий маълумотга эга бўлган мутахассислар ҳам дорихона очишлари мумкинлиги ҳақида маълумот берилган эди.

Ушбу хабар юзасидан ижтимоий тармоқларда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига бир қанча мурожаатлар келиб тушди. Aгентлик Матбуот хизмати шуни маълум қиладики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августдаги "Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6044 Фармонининг 5-иловаси 13-банд 2-қисмида Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишда олий тиббий маълумотга эга бўлган шахсларга дорихона мудири сифатида фаолият юритиш ҳуқуқини бериш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2020 йил 1 ноябрга қадар ишлаб чиқилиши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 2 декабрдаги 328-сон қарорига асосан, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга таъсир этадиган ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тегишли лойиҳа ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқувчилар — давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталида муҳокама қилиш ва тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш учун жойлаштирилиши белгилаб қўйилган.

Ҳурматли фуқаролар! Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан юқоридаги вазифалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиб, www.regulation.gov.uz сайтига муҳокама учун жойлаштирилганидан сўнг, белгиланган муддат давомида норматив-ҳуқуқий ҳужжат борасида нафақат ўз таклифларингизни балки, мазкур ҳужжат борасида ўз фикр-мулоҳазаларингизни билдириб, маҳсус сўровномани тўлдиришингиз ҳам мумкинлигини билдирамиз.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech