Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ру O`z Ўз En

Хоразм вилоятидаги ҳолат юзасидан расмий муносабат

Бугун ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятида Хитой-Ўзбек вакцинаси олгандан кейин аҳволи оғирлашган фуқаро ҳақида видео лавҳа тарқалди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги зудлик билан ушбу вазият назоратга олинганлиги, беморнинг аҳволини ўрганиш ва бу ҳолат нима сабабдан юз берганига аниқлик киритиш мақсадида мамлакатимизнинг тажрибали инфеционист, реанематолог, офталмолог, вирусолог, иммунолог, невропатолог, психолог каби мутахассисларидан иборат тезкор гуруҳ тузилганлиги ҳақида хабар берди.

Хўш, Хитой-Ўзбек вакцинаси атрофидаги шов-шувлар ва бу вакцинага ишончсиз қараётган айрим юртдошларимизнинг фикрлари қай даражада асосли?

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги мазкур мавзу юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:

2020 йилнинг 19 ноябр куни Инновацион ривожланиш вазирлигининг Илғор технологиялар маркази томонидан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Давлат марказига Хитой-Ўзбек вакцинасининг сифат назорати текширувларини ўтказиш учун вакцина, плацебо намуналари ва тегишли стандартлар ҳамда реагентлар тақдим қилинган эди.

“Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК томонидан белгиланган тартибда мазкур вакцинанинг барча хавфсизлик кўрсаткичлари синовдан ўтказилди ва унинг ижобий натижалари шунингдек, Этика қўмитасининг вакцинани клиник тадқиқотлари ўтказишнинг этика жиҳатидан асосланганлиги тўғрисидаги хулосалари асосида аҳоли орасида учинчи босқич клиник синовларга йўналтирилди.

Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd компанияси коронавирусга қарши вакцинани яратишда Ўзбекистоннинг ҳиссаси ва cаъй-ҳаракатларини инобатга олиб, ZF 2001 вакцинани бирга яратган ҳаммуаллиф мамлакат сифатида белгилади.

Ушбу янги вакцинани ZF-UZ-VAC 2001 номи билан биргаликда ишлаб чиқариш ва фойдаланилишга келишилгани билдирилди.

Жорий йилнинг 1 март санасида ZF-UZ-VAC 2001 коронавируснинг янги типига қарши рекомбинант (CHO cell) вакцина тиббиёт амалиётида қўллаш учун тегишли тартибда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Давлат марказиг томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди. (Рўйхат рақами - DV/X 08646/03/21)

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 4 январда тасдиқланган "Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 12-моддасига кўра дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техниканинг тиббиёт амалиётида қўлланилишига, қоида тариқасида, улар давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин рухсат этилади.

Кеча, 27-август, Хитойлик ҳамкорлар томонидан Коронавирусга қарши ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 3-фаза клиник синовлари вакцина барча штаммлар учун умумий 81,76% самарадорликни кўрсатганлиги эълон қилинди.

Қайд этилишича, 3-дозадан сўнг вакцинанинг самарадорлиги барча штаммлар учун умумий 81,76%, «британча» штаммга қарши эса 92,93% ташкил этди. Ўлим ва оғир холатларга қарши 100% самарадорлигини кўрсатди. ЖССТ талабларига кўра вакцина камида 50%дан юқори самара бериши лозим.

Шуни алоҳида қайд қилиш керакки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти протоколига кўра 3-фаза синовларини очиқлаш ҳамда статистик таҳлиллар ўтказиш учун тўлиқ вакцинадан сўнг камида 156 ҳолда касаллик аниқланиши керак. ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 3 фаза клиник синовлари натижаси 221 нафар касаллик аниқланган иштирокчилардаги таҳлилга кўра аниқланди ва бу синов натижасини янада аниқроқ бўлишини таъминлайди.

Айтиш жоиз, ушбу халқаро миқёсдаги ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг III фаза кўпмарказли клиник тадқиқотлари 2020 йилнинг 10 декабридан бошланган бўлиб, синовларда 18 ёшдан катта бўлган жами 29 000 нафар кишини қамраб олинди. Мазкур тадқиқотлар Хитойнинг Хунан вилоятида, шунингдек Ўзбекистон, Индонезия, Покистон ва Эквадор давлатларида ўтказилди. Ўзбекистонда клиник тадқиқотлар Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.Ltd компаниясининг 8 нафар мутахассислари, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказининг 30 нафар олимлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-тадқиқот институти ва бошқа тиббиёт муассасаларининг 112 нафар тиббиёт ходимлари томонидан ўтказилмоқда. Колл-марказда 32 нафар ходим фаолият юритиб, клиник синовларида иштирок этган кўнгиллилардан ҳар куни телефон орқали хабар олиб турилди.

Клиник тадқиқотларда Ўзбекистондан жами 6966 нафар кўнгилли иштирок этди, улардан 214 нафари 60 ёшдан катта кишилардир. Тадқиқотлар давомида ҳар бир кўнгилли иштирокчи 28 кун оралиғи билан 3 та дозада «вакцина/плацебо» схемасида эмланди. Улардан 13 кишида ўрта даражадаги ножўя таъсир аниқланган бўлиб, 0,002 фоиздан кам кўрсаткичдир. Алоҳида ажратилган гуруҳларда 95% ҳолатларда етарли даражада антитаналар ишлаб чиқарилгани аниқланди.

Хулоса ўрнида барча юртдошларимиздан Хоразмда юз берган ҳолат бўйича вазиятни тўлиқ ўрганмасдан турли ўринсиз, асосланмаган хабарларни тарқатмасликларини сўрардик!

Зеро Ўзбекистонда амалга оширилаётган оммавий вакцинация орқали COVID'19ни юртимизда кенг тарқалишини олдини олишимиз мумкин.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech