Самарқандда Доривор ўсимликлар маҳсулотларининг биринчи халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда
Самарқанд вилояти, Жомбой туманидаги “SOF EXPO SAMARKAND” кўргазмалар мажмуаси бугун яна бир нуфузли тадбирга мезбонлик қилмоқда.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Самарқанд вилоят ҳокимлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Ўрмон ҳўжалиги давлат қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган “Avicenna Heritage” - “Абу Али ибн Сино мероси” деб номланган Доривор ўсимликлар маҳсулотларининг Биринчи халқаро кўргазмасида доривор ўсимликларни етиштирувчи ва уни қайта ишловчи ҳамда доривор ўсимликлар асосида биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқарувчи 100 га яқин маҳаллий тадбиркорлар шунингдек, Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институти, Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси, Шарқ табобати институти вакиллари ва худудлардан ташриф буюрган тиббиёт ходимлари иштирок этишмоқда.
Таъкидлаш жоиз, Республикада сўнгги йилларда доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, доривор ўсимликлар етиштириладиган плантациялар ташкил этиш ва уларни қайта ишлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан муҳтарам Президентимиз томонидан соҳага оид имзоланган бир қатор фармон ва қарорлар юртимизда доривор ўсимликларни етиштириш, қайта ишлаш шунингдек, уларнинг экспортини амалга ошириш борасида кенг имкониятлар яратди.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда маҳаллий флорага мансуб 4,3 мингдан ортиқ ўсимликларнинг 750 та тури доривор ҳисобланиб, улардан 112 та тури илмий тиббиётда фойдаланиш учун рўйхатга олинган, шундан 70 та тури фармацевтика саноатида фаол қўлланиб келинмоқда.
Эндиликда туманлар қизилмия, заъфарон, каврак, лаванда, стевия, мойчечак, наъматак, равоч, маврак, далачой, тоғрайҳон, бўймадарон, кийик ўти, ковул, қалампир ялпиз ва бошқа доривор ўсимликлар етиштириш бўйича ҳудудлар кесимида ихтисослаштирилади. Бунда, 2022 йилдан 2026 йилгача 36 000 гектар майдонда янги доривор ўсимликлар плантациялари ташкил этилади.
Юртимизда доривор ўсимликлар етиштириш ва қайта ишлашни янада ривожлантириш учун қулай муҳит яратиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш жараёнларини интеграциялаш мақсадида Самарқанд шаҳрида ташкил қилинган бугунги тадбир доривор ўсимликлар хом ашё базасидан самарали фойдаланиш, касалликларнинг олдини олиш ва даволашда доривор ўсимликларни кенг қўллаш, доривор ўсимликларнинг маданий плантацияларини барпо этаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш орқали чуқур қайта ишлашни ташкил этиш ҳамда қўшимча қиймат занжирини яратишни янги босқичга олиб чиқиш учун кенг имконият майдони бўлиб хизмат қилади.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати