Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Саудия Арабистонидаги “Жамжум Фарма” йирик фармацевтика корхонаси Ўзбекистонга сармоя киритишни режалаштирмоқда

Шу кунларда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директор ўринбосари Жамшид Эшмурадов бошчилигидаги делегация Саудия Арабистонидаги ишбилармонлар билан бизнес учрашувлар ўтказмоқда.

Бундан асосий мақсад — Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида 2022 йил 12 апрель куни ўтказилган кенгайтирилган йиғилишнинг 34 сонли баёнининг 6 банди ижросини таъминлаш, йирик хорижий компаниялар билан музокаралар ўтказиб, 10 та етакчи хорижий фармацевтика компаниялар (брендини) мамлакатимизга жалб қилиш, жорий йил якунига қадар фармацевтика маҳсулотлари ва хизматлари экспортини 150 млн долларга етказишдан иборат.

Ташриф доирасида агентлик вакиллари Саудия Арабистонидаги фармацевтика маҳсулотларининг йирик ишлаб чиқарувчиси — "Жамжум фарма" корхонаси таъсисчилари билан учрашдилар.

Учрашув давомида икки давлат ўртасида фармацевтика саноатидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича ўзаро фикр алмашилинди.

Агентлик директори ўринбосари Жамшид Эшмурадов хориж ишбилармонларига Ўзбекистоннинг инвестиция жозибордорлиги юзасидан атрофлича ахборот берилди. Жумладан, мамлакатимиздаги фармацевтика эркин иқтисодий зоналарда янги инвесторлар учун қатор имтиёзлар берилиши, уларнинг фаолиятини ривожлантириш мақсадида қулай шарт-шароитлар яратилганлиги ҳақида гапириб, давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорларни ва инвестиция лойиҳалари ташаббускорларини амалий қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади. Тадбир давомида ўтказилган "Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери лойиҳаси тақдимоти иштирокчиларда катта қизиқиш ўйғотди. 

Ўзбекистон делегацияси аъзоларидан бири, "Азия Иммунопрепарат" раҳбари Миркамол Мирсалиев "Жамжум Фарма" корхонаси раҳбари, жаноб Маҳмуд Жамжум билан юртимизда шартнома асосида дори воситаларини ишлаб чиқаришни ва улар экспортини йўлга қўйиш юзасидан ҳамкорлик келишувини имзолаш масаласини муҳокама қилишди.

“Жамжум Фарма” корхонаси вакиллари Ўзбекистонга сармоя киритиш имкониятига қизиқиш билдиришиб, яқин келажакда биргаликда ҳамкорлик қилиш истиқболлари ҳақида ўз фикрларини билдирдилар.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech